Энергетика соҳасида ўқийдиган юқори курс талабалари дуал таълимга ўтказилади
Таъкидланишича, келгуси 2-3 йилда қуёш ва шамол генераторлари, электр зарядлаш ускуналари каби йўналишларда минглаб мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлади.
© Foto: uz.kursiv.mediaЯнги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳлардаги ёқилғи-энергетика йўналишлари бўйича ўқийдиган 3-курс талабаларининг ярми ҳамда 4-курс талабаларининг барчаси дуал таълимга қамраб олинади. Бу ҳақда бугун, 27 июл куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йиғилишида маълум қилинди.
Давлат раҳбари йиғилишда иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш учун барча соҳаларда, хусусан, энергетикада замонавий кадрлар зарурлигини таъкидлаган. Қайд этилишича, ҳозир 25 та техника олийгоҳида бу йўналишда йилига 5,5 минг мутахассис тайёрланмоқда.
«Очиғи, таълим амалиёт билан боғланмагани учун битирувчининг ишга киришиб кетишига 2-3 йил кетяпти», - деган Президент.
Видеоселекторда масъулларга бир ойда олийгоҳлардаги ёқилғи-энергетика йўналишлари бўйича таълим дастурларини тўлиқ янгилаш топширилган. Шунингдек, жорий йил 1 сентабргача лаборатория ва полигонларни янги талабларга мослаштириш бошланади.
Таъкидланшича, янги ўқув йилидан 3-курс талабаларининг ярми, 4-курс талабаларининг барчаси дуал таълимга қамраб олинади. Чунки келгуси 2-3 йилда қуёш ва шамол генераторлари, электр зарядлаш ускуналари каби йўналишларда минглаб мутахассисларга эҳтиёж пайдо бўлади.
Шунингдек, Саудия Арабистонининг «АCWА» компанияси Ширин энергетика техникумини жиҳозлаб, йилига 220 нафар ёшни янги касбларга тайёрламоқда. Янги ўқув йилидан Қорақалпоғистон, Бухоро ва Навоийдаги биттадан техникумда ҳам ушбу тажриба жорий этилади.





