Logo

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларнинг тўртта асосий сабабини айтди

Kecha 19:582 daqiqa

Вазирликнинг маълум қилишича, 40–45 даражали жазирамада ускуналарнинг табиий совиш жараёни пасаяди.

Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги узилишларнинг тўртта асосий сабабини айтди © «Xorazm HETK» AJ Matbuot xizmati

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, ҳаво ҳарорати 40–45 даражага етган кунларда электр тармоқлари бир вақтнинг ўзида бир нечта омил таъсирида юқори юклама билан ишлайди. Бу эса трансформаторлар, подстанциялар ва электр узатиш тармоқларида носозликлар юзага келиш эҳтимолини оширади.

Вазирликка кўра, қиш ойларида ташқи ҳаво ҳарорати паст бўлгани учун трансформатор ва бошқа ускуналардан ажраладиган иссиқлик осон тарқалади. Бироқ ёзги жазирамада ҳаво ҳарорати 40–45 даражагача кўтарилиши натижасида табиий совиш самарадорлиги кескин пасаяди ва ускуналарнинг ички ҳарорати тезроқ ошади.

Шу билан бирга, электр истеъмоли ҳам ортиб, тармоқларга тушадиган юклама кескин кўпайиши тизимнинг ишини янада мураккаблаштиради.

Тўртта асосий сабаб

Вазирлик электр тармоқларининг қизишига тўртта асосий омил таъсир қилишини қайд этди. Биринчиси — ҳаво ҳароратининг юқори бўлиши. Иккинчиси — кондиционерлар, музлатгичлар, саноат ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти туфайли электр истеъмолининг ортиши.

Учинчи омил — трансформатор пунктлари, подстанциялар ва металл ускуналарга қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсир қилиши. Қайд этилишича, ҳаво 40 даража бўлганда металл корпуслар 55–70 даражагача қизиши мумкин.

Тўртинчи ва энг муҳим омил эса трансформаторнинг ўзида электр йўқотишлари натижасида доимий иссиқлик ҳосил бўлишидир. Юклама ортиши билан бу иссиқлик ҳам кўпаяди.

Носозлик хавфи ортади

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, экстремал иссиқ кунларда трансформатор корпуслари 55–80 даража, электр симлари 60–90 даража, трансформатор чулғамлари эса 80–110 даражагача қизиши мумкин.

Бундай шароитда тармоқдаги ҳар қандай қўшимча юклама ёки техник нуқсон авария хавфини оширади.

Teglar

Mavzuga oid