Logo

Энг яхши микрокредит ва автокредит ставкаларини қайси банклар таклиф қилмоқда?

Bugun 10:473 daqiqa

Марказий банк 2026-йил 29-июн ҳолатига кўра, тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.

Энг яхши микрокредит ва автокредит ставкаларини қайси банклар таклиф қилмоқда? © Shutterstock

Марказий банк 2026-йил 29-июн ҳолатига кўра, мамлакатдаги тижорат банклари томонидан аҳолига ажратилган микроқарз ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаларини эълон қилди.

Янги ҳафтада автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 21,6 фоизни, микроқарзлар бўйича эса 28,9 фоизни ташкил қилди. Ўтган ҳафтада бу кўрсаткич мос равишда 21,6 ва 29,1 фоизни ташкил этганди.

Микроқарзлар

Микроқарзлар сегментида энг паст фоиз ставкаси 22,7 фоиз билан «Aloqabank»да қайд этилди. Кейинги ўринларда «Asia Alliance Bank» 24,2 фоиз, «Trastbank» 24,9 фоиз, «InFinbank» ва «Milliy bank» 25 фоиздан ставка билан жойлашди.

Шунингдек, «BRB» ва «OFB» 26,3 фоиздан, «Agrobank» 26,4 фоиз, «Xalq banki», «Asakabank» ва «Mikrokreditbank» 26,6 фоиздан, «SQB» 27,2 фоиз, «Turon bank» ва «Poytaxt bank» 27,6 фоиздан ставкада микроқарз таклиф қилмоқда.

Юқори сегментда «Garant bank» 28,4 фоиз, «Hamkorbank» 30 фоиз, «Universal bank» 30,3 фоиз, «Madad Invest bank» 31,1 фоиз ва «Apex bank» 31,3 фоиз ставка таклиф қилмоқда.

Энг юқори ставкалар «Ipotekabank» 33,1 фоиз, «Ipak Yo‘li banki» 33,8 фоиз, «Davr bank» 34,3 фоиз, «TBC bank» 35,6 фоиз, «Uzum bank» 38 фоиз, «AVO bank» 39,9 фоиз, «Anor bank» 41,1 фоиз ва «Tenge bank» 42,5 фоизда қайд этилди.

0

Манба: Марказий банк


Автокредитлар

Автокредитлар бўйича энг паст ставка 18,3 фоиз билан «BRB»да қайд этилди. Кейинги ўринларда «Apex bank» 20 фоиз, «Garant bank» 20,7 фоиз, «Octobank» 21 фоиз ва «SQB» 21,4 фоиз ставка билан жойлашди.

Шунингдек, «Aloqabank» ва «Ipak Yo‘li banki» 21,6 фоиздан, «Mikrokreditbank» ва «OFB» 22,4 фоиздан, «Davr bank» ва «Asakabank» 22,5 фоиздан, «Ipotekabank» 23 фоиз ҳамда «Turon bank» 23,5 фоиз ставкада автокредит ажратмоқда.

Ўрта сегментда «Milliy bank» ва «Xalq banki» 23,7 фоиздан, «Trastbank», «Agrobank» ва «Asia Alliance Bank» 24,4 фоиздан ставка таклиф қилмоқда. Банклар орасида энг юқори автокредит ставкаси 26,1 фоиз билан «Hamkorbank»да қайд этилган.

00

Манба: Марказий банк

Маълумот учун, йил бошидан бери аҳолига берилган кредитлар қолдиғи 3,1 фоизга кўпайиб, 227,1 трлн сўмга етган. Бунда автокредитлардан бошқа барча кредитларда ўсиш кузатилган. 

Банклардаги аҳолининг автокредитлари қолдиғи 1 январга нисбатан 0,4 фоизга пасайиб, 39,56 трлн сўмгача тушган.

Банкларда автокредит ажратиш 2023 йилдан кейин камайишни бошлади. Бунга Марказий bank томонидан киритилган чекловлар сабаб бўлди. 

Регулятор рискларни олдини олиш мақсадида банкларнинг кредит портфелига автокредитлар учун 25 фоизлик чеклов жорий қилганди. 

Натижада автокредит ажратиш пасайишни бошлади ва бу иккиламчи бозордаги автомобиль нархларига ҳам таъсир қилди — 17-18 минг доллар сотилган Cobalt нархлари бозорда 10-11 минг долларгача тушиб кетди. 

2023 йилда аҳоли учун энг оммабоп кредит автокредит бўлган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг ўрнини микроқарзлар эгаллади. 

Бироқ, яқин йилларда микроқарзлар учун банкларнинг кредит портфелига 25 фоизлик чеклов жорий қилиниши кутиляпти. 

Шу сабабли янги тартибга банклар аллақачон мослашишни бошлаб юборган. Бу бир томондан микроқарзлар фоизини пасайтираётган бўлса, бошқа томондан уларни олиш имкониятини қийинлаштирмоқда. 

Teglar

Mavzuga oid