«Enter Engineering» активлари иш ҳақи қарзларини қоплаш учун сотилади – ОАВ
«Eriell Group» ва «Enter Engineering» компаниялари эгаси Бахтиёр Фозилов жорий йил январ ойидаёқ барча энергетика лойиҳаларидан «бош пудратчи» сифатида четлатилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Ўзбекистон ҳукумати «Enter Engineering», «Eriell» ва «Saneg» компаниялар гуруҳининг молиявий барқарорлигини тиклаш бўйича чора-тадбирлар тайёрлаётгани айтилмоқда. Бу ҳақда ўз манбасига таяниб, «Podrobno.uz» хабар берди.
Қайд этилишича, 2026-йил январ ҳолатига кўра, холдингнинг 38,7 минг ходим олдида иш ҳақи бўйича умумий қарзи 131 миллион долларга етган. Бу қарзларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамаси гуруҳ активларини кенг кўламда сотиш режасини тасдиқлаган.
Манбага кўра, мол-мулкни сотиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда «Saneg Aktiv» махсус тузилмаси ташкил этилади. Активлар сотилишидан тушган барча маблағлар Миллий банкдаги махсус ҳисоб рақамига жамланади ва биринчи навбатда иш ҳақини тўлашга, кейин эса солиқлар ва кредитларни қоплашга йўналтирилади. Агар «E-Auksion» платформасида объектларга талаб паст бўлса, уларнинг нархи ҳар ҳафта 5 фоизга пасайтириб борилади.
Сотувга қўйиладиган активлар рўйхати:
Чилонзор ва Сергели туманларидаги «Enter Engineering» бош офислари
Шаҳрисабз ва Чорбоғ кўчаларидаги «Eriell» офислари
«Tashkent International Medical Center» биноси (собиқ Боровский номидаги коллеж)
Самарқанд аэропорти ва туристик марказдаги 8 та меҳмонхона мажмуаси
Фарғона нефтни қайта ишлаш комплекси (Олтиариқ) ва Ангрен терминали
Шу билан бирга, ҳукумат стратегик лойиҳаларни якунлаш учун янги инвесторлар излаёнгани айтилмоқда. Улар қаторига қуйидагилар киради:
Тебинбулоқ металлургия комплекси
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш
МТО (Methanol to Olefin) асосидаги газ-кимё комплекси
Бухоро аэропортини модернизация қилиш лойиҳаси
Барқарорлаштириш даврида гуруҳга 2027-йил 1-январгача солиқлар бўйича имтиёзли кечиктириш берилган. Бироқ бу имтиёз фақат ишчилар олдидаги барча қарзлар тўлиқ тўланганидан кейингина амал қилади.
Манбага кўра, «Enter Engineering» директорининг ўринбосари Алишер Ҳамидов ходимларга иш ҳақлари 15-мартгача тўланишини ваъда қилган. Унинг айтишича, маблағлар «Gazli Gas Storage» ерости газ омбори сотилиши ҳисобидан пайдо бўлган. Бироқ нима, кимга ва қандай шартларда сотилгани ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Шунингдек, Ҳамидов ходимлардан компанияни тарк этмасликни ва «сабр қилишни» сўраган, чунки «ликвидация бўлмайди».
«Enter Engineering» Жиззахда қурилаётган АЭС атрофидаги инфратузилмани барпо этиш бўйича асосий пудратчи ҳисобланади. Манбага кўра, компания бу қурилишни ҳар қандай йўл билан қайта тиклашга мажбур, чунки лойиҳа бўйича маблағнинг бир қисми аллақачон тўланган.
Манбага кўра, «Eriell Group» ва «Enter Engineering» эгаси Бахтиёр Фазилов жорий йил январ ойидаёқ барча энергетика лойиҳаларидан «бош пудратчи» сифатида четлатилгани ҳақида хабардор қилинган.
Давлат меҳнат инспекцияси «Enter Engineering» ва у билан боғлиқ корхоналарнинг 12,7 мингдан ортиқ ходимига иш ҳақи бўйича қарзларни ундириш чораларини кўрган. Бу меҳнат ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги мурожаатлардан кейин амалга оширилган.
Манбага кўра, ҳақиқатан ҳам ходимлар карталарига маълум миқдорда пул туша бошлаган, аммо фақат бир ойлик иш ҳақи тўланган, холос. Аслида қарзлар 2025-йилдан бери тўпланиб келмоқда. Энг қизиғи, суҳбат пайтида айтилган иш ҳақи билан ҳужжатларда кўрсатилган расмий маош ўртасида катта фарқ бор. Кўпчилик ходимлар учун расмий маош тахминан 2 миллион сўм қилиб кўрсатилган ва компания қарзларни айнан шу миқдор асосида қайтармоқчи экани қайд этилади.





