Эрон атрофидаги можаро глобал озиқ-овқат нархларини ошириши мумкин
Нон нархи 6–10 ҳафта ичида, тухум нархи бир неча ой ичида, парранда гўшти нархи эса тахминан ярим йил ичида ошиши мумкин.

Эрон атрофидаги геосиёсий кескинлик жаҳон озиқ-овқат бозорида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Яқин Шарқда ўғитлар ишлаб чиқариш ва экспорт занжирида юзага келган узилишлар қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигининг пасайиши ва глобал озиқ-овқат нархларининг ошиши хавфини кучайтирмоқда.
Ҳосилдорлик 50 фоизгача камаяди
Мутахассислар фикрича, асосий хавф нуқталаридан бири — Ҳўрмуз бўғози ҳисобланади. Ушбу стратегик йўлак орқали дунё бўйича экспорт қилинадиган карбамиднинг қарийб 35 фоизи ва олтингугурт етказиб беришининг 45 фоизи ўтади. Бу моддалар минерал ўғитлар ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга. Агар логистикадаги узилишлар давом этса, яқин мавсумда айрим қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги деярли 50 фоизгача камайиши мумкин.
Маҳсулотларнинг нархига қанча муддатда таъсир қилади
Бу ҳолат истеъмолчиларга ҳам тезда таъсир қилиши мумкин. Таҳлилчиларга кўра, нон нархи 6–10 ҳафта ичида, тухум нархи бир неча ой давомида, парранда гўшти эса тахминан ярим йил ичида қимматлашиши эҳтимоли бор.
Ўғитлар бозоридаги нарх
Ўғитлар бозорида бу тенденция аллақачон сезилмоқда. Яқин Шарқда карбамид нархи 130 долларга ошиб, тоннаси 575–650 долларга етган. Европада эса аммиак нархи тоннаси 725 долларгача кўтарилган.
Ишлаб чиқаришдаги тўхташлар вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Дрон ҳужумидан кейин «QatarEnergy» компанияси Рас-Лаффан саноат мажмуасида карбамид, аммиак ва олтингугурт ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатди. Эронда эса аммиак ишлаб чиқариш бутунлай тўхтаган. Шу билан бирга, азотли ўғитлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган газ нархи бир неча кун ичида икки баробарга ошди.
«Yara International» компанияси раҳбари Свейн Туре Холсетернинг таъкидлашича, узилишлар фермерлар баҳорги ўғитлаш ишларини бошлаётган муҳим паллада юз бермоқда. Унинг фикрича, бу ҳолат айниқса иқтисодий жиҳатдан заиф давлатларга жиддий таъсир кўрсатиши ва глобал озиқ-овқат инқирозини келтириб чиқариши мумкин.
Вазиятни Ҳўрмуз бўғози атрофидаги сиёсий кескинлик ҳам кучайтирмоқда. Эрон бўғозни ёпиши мумкинлигини билдириб, у орқали ўтишга уринишган кемаларга ўт очиш билан таҳдид қилди. АҚШ эса танкерларни ҳарбий-денгиз кучлари кузатувида ўтказиш эҳтимолини истисно қилмаган.





