Эрон футбол мухлисларининг чипта квотаси бекор қилинди
Мамлакат футбол федерацияси мазкур қарорни иштирокчи давлатлар учун тенг имкониятлар принципига зид деб баҳолади.

Эрон футбол федерацияси (FFIRI) 2026 йилги Жаҳон чемпионати арафасида АҚШ билан боғлиқ янги можаро ҳақида баёнот берди.
Федерацияга кўра, АҚШда ўтказиладиган Эрон терма жамоасининг гуруҳ босқичи учрашувлари учун эронлик мухлисларга ажратилган расмий чипталар квотаси кутилмаганда бекор қилинган.
Федерациянинг таъкидлашича, ФИФА қоидаларига мувофиқ, ҳар бир иштирокчи мамлакат федерациясига ҳар бир ўйин учун чипталарнинг 8 фоизи ажратилиши лозим.
Шу асосда FFIRI Янги Зеландия, Белгия ва Мисрга қарши баҳслар учун чипта сотувини бошлаб юборган ва айрим мухлислар сафар режаларини ҳам тузиб бўлган.
«Бироқ, кутилмаганда Эрон футбол федерациясига берилган квота қайтариб олинди ва ҳозирги шароитда федерация миллий терма жамоа мухлисларига ҳатто битта ҳам чипта тақдим эта олмайди», — дейилади хабарда.
Муаммолари кучаймоқда
Эрон томонининг маълум қилишича, бу қарор АҚШ томонидан қўйилаётган бошқа чекловлар билан бир вақтга тўғри келган. Жумладан, Эрон делегациясининг айрим техник ва маъмурий ходимларига АҚШ визаси берилмагани айтилмоқда.
Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар 28 февралдан буён кескинлигича қолмоқда. Эрон терма жамоаси аввал режалаштирилган АҚШнинг Аризона штатидаги йиғинини бекор қилиб, тайёргарлик базасини Мексиканинг Тихуана шаҳрига кўчирган.
ФИФАга мурожаат
FFIRI мазкур қарорни иштирокчи давлатлар учун тенг имкониятлар принципига зид деб баҳолади.
Федерация ФИФА ва турнир ташкилотчиларини «нейтраллик, адолат ва белгиланган низомлар тамойилларига риоя қилишга ҳамда эронлик мухлислар учун зарур шароитларни яратиб беришга» чақирди.
Ҳозирча ФИФА ҳам, АҚШ томони ҳам ушбу айбловларга расмий муносабат билдирмаган.
Эрон терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иштирокини 15 июн куни Лос-Анжелесда Янги Зеландияга қарши учрашув билан бошлайди. Кейинчалик жамоа Белгия ва Миср термаларига қарши майдонга тушади.





