Эронда бомбаланган ўқувчи қизлар: ҳужум қурбонлари бугун тупроққа қўйилади
Эрон ОАВ Америка ва Исроиллик кучлар зарбасидан кейин Миноб шаҳридаги мактабда ҳалок бўлган қизлар учун 165 та қабр акс эттирилган рамзий суратни эълон қилди. Қурбонларнинг аксарияти 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар экани айтилмоқда.

28 феврал куни Эрон жанубидаги қизлар мактабига берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган 165 нафар эронлик мактаб ўқувчиси ва муассаса ходимлари сешанба, 3 март куни дафн этилади. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Сешанба куни Эрон жанубидаги Ҳурмузгон вилояти Миноб шаҳрида жойлашган «Шажаре Тайебе» мактабининг 165 нафар ўқувчиси ҳамда ушбу шаҳарнинг бир неча бегуноҳ фуқароларини дафн этиш маросими бўлиб ўтади», — деган агентлик суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчилари ва вояга етган маҳаллий аҳоли АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумининг илк соатларида мактабга ҳаводан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган.
Дафн маросимида жамоатчилик вакиллари, қурбонларнинг оила аъзолари, шунингдек, расмий шахслар иштирок этиши кутилмоқда.
Уруш
АҚШ ва Исроил шанба куни Эрон ҳудудидаги объектларга, жумладан Теҳронга зарбалар беришни бошлади, вайронагарчиликлар ва тинч аҳоли орасида қурбонлар борлиги хабар қилинмоқда. Эрон Исроил ҳудудига, шунингдек, минтақадаги АҚШ ҳарбий объектларига жавоб зарбаларини бермоқда.
Эронга зарбалар Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги Эрон «ядровий досеси» бўйича музокараларга қарамай берилди, уларнинг охирги босқичи 26 феврал куни Женевада бўлиб ўтган эди.
Ҳужум оқибатида Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий ўлдирилди. Мамлакатда 40 кунлик мотам эълон қилинган.
Ўзбекистоннинг дипломатик реакцияси
2026 йилнинг 1 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги, хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашувлар ва ракета зарбалари ортидан вазият кескинлашгани муносабати билан расмий баёнот берди. Минтақада кенг кўламли уруш ҳаракатлари бошлангани фонида, расмий Тошкент томонларни зудлик билан вазминликка ва ҳарбий амалиётларни тўхтатишга чақирди. Ўзбекистон позициясига кўра, низонинг янада авж олиши нафақат минтақа, балки бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солади ва муаммони фақат дипломатик музокаралар йўли билан ҳал этиш лозим.
Вазиятнинг ҳарбий босқичга ўтиши муносабати билан, 2 март, душанба кунидан бошлаб Ўзбекистон фуқароларига Яқин Шарқ мамлакатларига, хусусан, Эрон ва Исроилга сафарларни номаълум муддатга қолдириш тавсия қилинди. Шу куннинг ўзида Саудия Арабистонига Умра дастури доирасидаги парвозлар хавфсизлик нуқтаи назаридан тўхтатилди ҳамда Жидда ва Мадина шаҳарларидаги ўзбекистонликларни тизимли равишда олиб чиқиш бошланди. Исроил ва Эронда бўлиб турган фуқароларга эса максимал даражада ҳушёр бўлиш ва имкон қадар ушбу мамлакатларни тезроқ тарк этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг Теҳрон, Тел Авив ва минтақадаги бошқа дипломатик ваколатхоналарида 24 соатлик тезкор алоқа ва ишонч телефонлари ишлаб турибди. ТИВ ватандошлардан фақат расмий маълумотларга таянишни, ҳужжатларни тартибда сақлашни ва маҳаллий ҳукуматларнинг хавфсизлик бўйича талабларига қатъий риоя қилишни сўрамоқда.





