Эронга янги олий раҳнамо тайинланди — «Deutsche Welle»

04.03.2026 | 10:532 daqiqa

DW манбаларига кўра, Али Хоманаий вафотидан кейин унинг ўғли Мужтабо Хоманаий Эроннинг янги олий раҳнамоси этиб тайинланди.

Эронга янги олий раҳнамо тайинланди — «Deutsche Welle»

Эрон Ислом Республикасида олий раҳнамо лавозимига марҳум Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли Мужтабо Хоманаий тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда Германиянинг «Deutsche Welle» нашри Эрон ҳукуматига яқин манбаларга таяниб маълум қилди.

Манбаларга кўра, мазкур қарор 88 нафар нуфузли шиа уламоларидан иборат Экспертлар кенгаши томонидан қабул қилинган. Ушбу орган мамлакатнинг энг юқори диний раҳбарини тайинлаш ваколатига эга. Айни пайтда айрим манбалар қарор Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси босими остида қабул қилинган бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидламоқда.

Вақтинчалик раҳбарият

Шу билан бирга, Эрон расмийлари ва давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари ҳозирча бу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ. Али Хоманаий вафотидан сўнг мамлакатни вақтинча уч кишилик раҳбарият бошқармоқда. Унинг таркибига президент Масъуд Пезешкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний-Эжей ва Васийлик кенгаши аъзоси Оятуллоҳ Алиризо Арафий киради.

Оятуллоҳ Али Хоманаий 1989-йилдан буён Эронни бошқариб келган эди. У жорий йил 28-феврал куни бошланган АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти давомида ҳалок бўлгани маълум қилинган.

Экспертлар кенгаши

Эрон қонунчилигига кўра, мамлакатнинг олий диний раҳбари умрбод муддатга Экспертлар кенгаши томонидан тайинланади. Бу органнинг аъзолари ҳар саккиз йилда бир марта фуқаролар томонидан сайланади. Сўнгги сайловлар 2024-йилда бўлиб ўтган.

Хоманаийнинг ўрнини ким эгаллаши мумкинлиги ҳақида аввалроқ турли тахминлар илгари сурилган эди. Эҳтимолий номзодлар сифатида суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний-Эжей, Хоманаий девони раҳбари Али Асғар Ҳижозий ва унинг набираси Ҳасан Ҳумайний тилга олинган.

Teglar

Mavzuga oid