Фарғона вилоятининг яна 2 та туман ҳокимлари алмашди
Фарғона вилоятининг Фарғона ва Бағдод туманларига янги ҳоким тайинланди. Аввалроқ Бешариқ, Ўзбекистон туманлари ҳамда Марғилон шаҳрига янги ҳокимлар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

29 апрел куни халқ депутатлари Бағдод туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туманга янги раҳбар тайинлаш масаласи кўриб чиқилди.
Вилоят раҳбари Хайрулло Бозоров томонидан тақдим этилган Ҳожиқўзижон Қосимжонович Исоқов номзоди депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ҳожиқўзижон Исоқов
2024 йил феврал ойидан бошлаб шу вақтгача туманга Ғанижон Солиев раҳбарлик қилаётган эди.
Маълумотларга кўра, Ҳожиқўзижон Исоқов 2021–2025 йилларда Фарғона вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. Сўнгги вақтларда эса у вилоятдаги ихтисослашган кўчма механизмлар колоннаси раҳбари сифатида фаолият юритиб келган.
Шу куни Фарғона туманида ҳам янги ҳоким тайинланди. Нодиржон Рўзибоевич Машрапов ушбу лавозимга тасдиқланди.

Нодиржон Машрапов
Нодиржон Машрапов бунга қадар Кадастр агентлигининг Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаб келган. У 2022 йил октябридан буён туманга раҳбарлик қилиб келган Иномов Ҳамидулло ўрнини эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ҳам Фарғона вилоятида бир қатор ҳудудларда, жумладан Бешариқ, Ўзбекистон туманлари ҳамда Марғилон шаҳрида ҳокимлар алмашгани ҳақида хабарлар берилган эди.





