Фарғонада 300 миллион долларлик 50 та туризм лойиҳаси ишга туширилади
Президент Фарғона вилоятида туризм салоҳияти юқори эканини таъкидлаб, хорижий сайёҳлар оқимини бир неча баробар ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилади.
© Foto: president.uzФарғона вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш ва хорижий сайёҳлар оқимини 2–3 баробарга ошириш мумкинлиги қайд этилди. Бу ҳақда Президент 28 апрель куни Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтган йиғилишида маълум қилди.
Йиғилишда Қўқон ва Марғилон шаҳарларини зиёрат туризми марказларига айлантириш, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларида тиббий ҳамда экотуризмни ривожлантириш зарурлиги айтилди. Хусусан, Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори атрофида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида фавқулодда вазиятлар маркази ташкил этилгани маълум қилинди.
Шу билан бирга, мамлакатдаги бошқа сув омборларини ҳам босқичма-босқич аҳоли ва туристлар учун қулай дам олиш масканларига айлантириш вазифаси қўйилди.
Туризмни ривожлантириш
Ҳудудда бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Фарғона туманида “Шоҳимардон – Ёрдон” халқаро курорт зонаси, “Водил” агротуризм кластери, “Аввал” кўнгилочар мажмуаси ва “Чимён” санаторий ҳудуди ривожлантирилмоқда. Келаси йил якунигача умумий қиймати 300 миллион доллар бўлган 50 та туризм лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.
Қўқонда 64 та маданий мерос объектини қамраб олган пиёда туризм маршрутлари ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, тарихий биноларда жойлашган давлат идораларини кўчириш ва уларни туризм объектларига айлантириш бўйича топшириқлар берилди.
Сўх туманида эса 130 гектар ҳудудда йирик туризм комплекси барпо этиш, хорижий мутахассислар иштирокида мастер-режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Умуман, туманни ривожлантириш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниши маълум қилинди.
Маданий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш
Йиғилишда маданий меросни тарғиб қилиш, китобхонликни оммалаштириш ва аския санъатини қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Қўқон адабий муҳити антологияси ва электрон платформасини яратиш, Адабиёт ва ижод мактабини ташкил этиш таклиф қилинди. Ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштириш мақсадида вилоятдаги 100 та маҳаллада намунавий маҳалла кутубхоналари ташкил этилади, бук-кафе очган тадбиркорларга солиқ ва ижара тўловлари бўйича имтиёзлар берилади.
“Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ҳар икки йилда Халқаро китобхонлик фестивалини ўтказиш, унга дунёнинг машҳур ёзувчи ва шоирларини таклиф қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Фарғона маданиятининг ажралмас қисми бўлган аския асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Марғилонда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилгани қайд этилиб, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, туман маданият марказлари ва мусиқа-санъат мактабларида аския ва қизиқчилик маҳорати йўналишларини очиш топширилди.





