Фармацевтика корхоналарига янги солиқ имтиёзлари берилади

05.03.2026 | 16:102 daqiqa

Янги фармацевтика лойиҳалари ер, фойда ва мол-мулк солиқларидан уч йил муддатга озод қилинади.

Фармацевтика корхоналарига янги солиқ имтиёзлари берилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида фармацевтика тармоғида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва технологиялар трансферини жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда тармоқни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда тадбиркорлар учун қўшимча имтиёзлар жорий этиш бўйича янги қарорлар эълон қилинди.

Йиғилишда тадбиркорлар барча ҳудудларда ҳам фармзоналар мавжуд эмаслиги сабабли, мазкур зоналарга берилган солиқ имтиёзларини бошқа фармацевтика корхоналарига ҳам татбиқ этишни сўради. Президент ушбу таклифни қўллаб-қувватлади ва соҳада фаолият юритаётган корхоналар учун янги имкониятлар яратилишини маълум қилди.

Янги солиқ қачондан кучга киради

Белгиланишича, жорий йил 1 апрелдан бошлаб жойлашувидан қатъи назар, янги фармацевтика воситалари ишлаб чиқариш, доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳалари бошланган пайтдан эътиборан уч йил муддатга ер солиғидан озод қилинади. Шунингдек, тадбиркорлар лойиҳа ишга тушганидан кейин уч йил давомида фойда ва мол-мулк солиғини тўламайди.

Бождан озод қилинадиган соҳалар

Қарорга мувофиқ, биологик фаол қўшимча ҳамда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари хомашё, ускуна ва бутловчи қисмлар импортида бож тўловидан озод этилади. Шу билан бирга, фармацевтика корхоналарига ўз ишлаб чиқариш линияларида биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришга ҳам рухсат берилади.

Бундан ташқари, ҳар йили 1 июлга қадар маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхати тадбиркорларга эълон қилиб борилади. Мазкур рўйхат асосида дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга оширишни режалаштираётган тадбиркорларга хорижий валютада 7 фоизли кредитлар тақдим этилади.

Мавжуд маҳсулотлари бўйича маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштиришни мақсад қилган корхоналар эса Саноат кооперацияси жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 йилгача муддатга имтиёзли кредитлар олиши мумкин. Бунда хорижий валютадаги кредитлар 6 фоиз, миллий валютадаги кредитлар эса 12 фоиз ставкада ажратилади.

Teglar

Mavzuga oid