Logo

Фермерларга дизел ёқилғиси учун давлат субсидияси берилади

Bugun 21:231 daqiqa

Пахта ва буғдой етиштирувчи фермерлар дизел ёқилғиси учун давлатдан 2 миллион сўмгача субсидия олади. Маблағлар аризасиз, автоматик тарзда ажратилади.

Фермерларга дизел ёқилғиси учун давлат субсидияси берилади © altkres.ru

Адлия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган дизель ёқилғиси қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Вақтинчалик низомга кўра, пахта ва буғдой етиштирувчи фермерларга 2026 йил 1 апрелдан 1 июлгача биржа орқали харид қилинган дизел ёқилғиси учун давлат томонидан молиявий кўмак берилади.

Агар дизел ёқилғисининг бир тоннаси нархи 13 миллион сўмдан юқори бўлса, ушбу меъёрдан ошган сумманинг 2 миллион сўмгача қисми давлат субсидияси ҳисобидан қоплаб берилади.

Ариза талаб қилинмайди

Низомга мувофиқ, субсидияни олиш учун фермерлардан алоҳида ариза талаб этилмайди. Маблағлар проактив, яъни автоматик тартибда ажратилади.

Бунинг учун дизел ёқилғиси фақат биржа савдолари орқали сотиб олинган бўлиши, фермернинг ер майдонлари ва экин турлари «Агропортал» ахборот тизимига киритилган бўлиши шарт.

Шунингдек, харид қилинган ёқилғи агротехнологик харитада белгиланган апрел–июн ойларидаги агротехник ишлар учун ишлатилган бўлиши лозим.

Маблағ уч иш кунида ўтказилади

Субсидия миқдори «Агропортал»даги маълумотлар асосида автоматик ҳисобланади.

Ҳисобланган маблағлар ваколатли агентлик томонидан фермернинг тижорат банкидаги махсус ҳисобварағига уч иш куни ичида ўтказилади.

Агар техник носозлик ёки маълумотлар алмашинувидаги узилиш сабабли фермер ҳақидаги маълумотлар агентликка етиб бормаса, у ёзма равишда ёки «Агропортал» орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid