«Gulf» Ўзбекистонда «заправка»лар тармоғини очади

19.02.2026 | 13:073 daqiqa

Грузия ва Арманистонда «заправка»лар очган АҚШнинг «Gulf» компанияси энди Ўзбекистон бозорига ҳам кириб келмоқда. Компания бу ерда чакана савдо ва авиацияга ҳам сармоя киритмоқчи.

«Gulf» Ўзбекистонда «заправка»лар тармоғини очади

АҚШнинг «Gulf» компанияси Ўзбекистонда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини очишни ва авиация соҳасига инвестиция киритишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда кеча, 18 феврал куни Вашингтонда президент Шавкат Мирзиёевнинг Америка бизнеси ва молиявий институтлари вакиллари билан учрашувида иштирок этган компания вице-президенти Крейг Крамер маълум қилди.

Крейг Крамер «Gulf» компанияси яқин икки йил ичида Ғарб стандартларига жавоб берадиган камида 100 та замонавий ва қулай ёқилғи қуйиш шохобчасини ишга туширишни ният қилганини билдирди.

«Ушбу давр мобайнида биз чакана активларга камида 150 млн доллар инвестиция киритамиз. Молиялаштириш тўлиқ таъминланган. Ҳар бир объект ҳажми ва дизайни бўйича замонавий ҳамда ўзига хос бўлади», – деди у.

«Gulf»нинг қўшни минтақадаги натижалари

Қайд этиш жоиз, ўтган ҳафтада Крейг Крамер «Gulf» жорий йилда Арманистонда сезиларли кенгайишни режалаштираётганини эълон қилар экан, бу компания кенгайиш режаларидаги ягона давлат эмаслигини, «Gulf» Марказий Осиё давлатларидан бири бозорига чиқиш бўйича келишув тузиш арафасида турганини айтганди. Бу давлат Ўзбекистон бщлиб чиқди.

«Gulf» аллақачон минтақавий брендга айланмоқда ва бу – бизнинг грузин жамоамиз хизмати. Эришган ютуқларимиздан жуда фахрланамиз. Марказий Осиё жуда истиқболли кўринмоқда. Бошқа давлатлар ва компаниялар Грузиядаги муваффақиятимизни кўриб, «Биз ҳам шундай натижага эришмоқчимиз», дейишмоқда. Грузияда қилган ишларимизни бошқа мамлакатларда ҳам такрорлаш ва янада яхшилаш имконига эгамиз, деб ишонаман. Шунинг учун бизни катта келажак кутаётганига ишонама», – деган эди Крамер ўшанда.

Ҳозирда компаниянинг Арманистонда 10 та объекти мавжуд бўлиб, йил охирига қадар улар сонини 30 тага етказиш режалаштирилган. Грузияда эса компания ҳозирда 150 дан ортиқ автойўқилғи шохобчасига эга. Уларнинг 122 тасида «Gulf Store» дўкони фаолият юритади. Тармоқ жаҳон брендлари маҳсулотлари, саёҳат вақтида харидорга керак бўладиган барча зарур товарлар, шунингдек «Gulf»нинг эксклюзив маҳсулотлари – хот-доглар, энергетик ичимликлар, кофе, сэндвичлар, музқаймоқ ва бошқаларни таклиф этади. Ҳозирда «Gulf» компаниясида 3000 нафарга яқин Грузия фуқароси меҳнат қилади. Таққослаш учун, 2020 йилда бу кўрсаткич 1200 нафарни ташкил этган.

Ўзбекистондаги мақсадлар

«Gulf» компаниясининг Марказий Осиёдаги операцион базасини Тошкентда жойлаштириш режалаштирилган.

«Бу Ўзбекистонни минтақавий логистика ва чакана савдо инфратузилмасининг марказига айлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадами бўлади. Компаниямиз Ўзбекистонни минтақада чакана савдо ва авиация соҳасида юз бераётган туб янгиланишлар марказида кўришдан мамнун», – деди Крейг Крамер.

Шунингдек, «Gulf» Ўзбекистондаги автомагистрал йўлларда сайёҳатчилар ва транзит ташувчилар учун транспорт марказларини барпо этмоқчи. Ушбу лойиҳалар ҳар бир объект ҳисобига камида 30 та янги иш ўрни яратиши айтилади. Умумий ҳисобда эса 3000 дан ортиқ янги иш ўрни Ўзбекистон фуқаролари учун ташкил этилиши кутилмоқда.

«Ўзбекистондаги барча вилоят ҳокимларидан мамлакат бўйлаб қарийб 200 та ёқилғи қуйиш шаҳобчалари фаолиятини ривожлантириш юзасидан аниқ таклифлар олдим. Бу эса мамлакатингизда ишбилармонлик учун муҳит очиқ, инвесторларга бўлган ишонч эса юксак даражада эканини яққол намоён этади», – дейди у.

Чакана савдо билан бир қаторда, «Gulf» Ўзбекистондаги авиация йўналишига ҳам сармоя киритмоқчи. «Gulf Aviation» орқали авиация секторига қарийб 50 миллион доллар инвестиция йўналтирилади.

«Бу Ўзбекистонда жадал ривожланаётган авиация тармоғини хавфсиз ва барқарор ёқилғи таъминоти билан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Маҳаллий ва халқаро авиакомпаниялар учун ишончли етказиб бериш тизими йўлга қўйилади», – деди Крамер.

Teglar

Mavzuga oid