Ҳафталик нархлар: помидор ва бодринг арзонлади, гўшт эса яна ошди
VAQT.UZ Марказий банк маълумотлари асосида энг муҳим 15 та озиқ-овқат маҳсулотининг ҳафталик нархларидаги ўзгаришларни мунтазам таҳлил қилиб боради.

Марказий банкнинг «narxtahlil.uz» платформасидаги янги маълумотлар озиқ-овқат бозорида нархлар турлича ўзгараётганини кўрсатди. Ўтган ҳафтада гўшт маҳсулотлари кескин қимматлашган бўлса, бу ҳафта ўсиш бироз секинлашди. Шу билан бирга, сабзавотлар арзонлашишда давом этди. Айниқса, бодринг ва помидор нархи янада тушди. Қуйида республика бўйича 29 апрел ҳолатидаги нархлар ва 22 апрелга нисбатан ўзгаришлар келтирилади.
Асосий маҳсулотлар
Ёғ маҳсулотларида барқарор ҳолат сақланмоқда. Ўтган ҳафтада пахта ёғи ва кунгабоқар ёғида 0,2–0,3 фоизлик ўсиш кузатилган бўлса, бу ҳафта ҳар икки маҳсулотда ўсиш 0,1 фоизгача секинлашди. Пахта ёғи 20 281 сўм, кунгабоқар ёғи эса 21 493 сўмни ташкил этди.
Ун маҳсулотларида инфляцион босим сақланиб қолмоқда. Биринчи нав ун нархи ўтган ҳафтада ҳам 0,6 фоизга ошган эди, бу ҳафта эса ўсиш 0,7 фоизга етди ва маҳсулот 6 257 сўмдан шаклланди.
Гўшт маҳсулотларида нархлар юқори даражада қолмоқда, аммо ўсиш суръати бироз секинлашган. Ўтган ҳафта мол гўшти 2,5 фоизга, қўй гўшти 2,6 фоизга қимматлашган бўлса, бу ҳафта мол гўштида ўсиш 0,4 фоиз, қўй гўштида 0,6 фоизни ташкил қилди. Шунга қарамай, мол гўшти 119 433 сўмга, қўй гўшти эса 130 609 сўмга етди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда мол гўшти импорти икки ойдан бери қисқармоқда. Таққослаш учун, март ойида хориждан 61 миллион долларга 12,7 минг тонна, февраль ойида эса 67,4 миллион долларга 14,4 минг тонна мол гўшти олиб кирилган. Шундай қилиб, импорт ҳажми мартда 1,7 минг тоннага, апрелда эса яна 1,5 минг тоннага қисқарган.
Қўй ва товуқ гўшти импортида ҳам пасайиш кузатилди. Апрел ойида мамлакатга 8,6 миллион долларлик 2,85 минг тонна қўй гўшти олиб кирилган. Март ойида бу кўрсаткич 3,1 минг тоннани ташкил этган ва умумий қиймати 9,66 миллион доллар бўлган.
Тухум бозорида ҳам йўналиш ўзгарди. Ўтган ҳафта тухум 1,4 фоизга арзонлаган бўлса, бу ҳафта 0,2 фоизлик ўсиш қайд этилди ва тухум 11 508 сўмни ташкил қилди.
Гуруч ва шакарда эса пасайиш сақланиб қолмоқда. Гуруч 14 355 сўмга тушиб, 0,2 фоизга арзонлади. Шакар ҳам 13 157 сўмгача пасайиб, 0,2 фоизлик тушиш қайд этди.
Mahsulot | 29.04.2026 (so‘m) | 22.04.2026 (so‘m) | O‘zgarish |
Paxta yog‘i (1 litr) | 20 281 | 20 267 | +0,1% |
Kungaboqar yog‘i(1 litr) | 21 493 | 21 482 | +0,1 % |
Un (1-nav) | 6 257 | 6 212 | +0,7 % |
Mol go‘shti (1 kg) | 119 433 | 118 921 | +0,4 % |
Qo‘y go‘shti (1 kg) | 130 609 | 129 888 | +0,6 % |
Tuxum | 11 508 | 11 487 | +0,2 % |
Guruch (1 kg) | 14 355 | 14 388 | -0,2 % |
Shakar (1 kg) | 13 157 | 13 180 | +0,7 % |
Жадвал narxtahlil.uz платформасидаги маълумотлар асосида тайёрланди
Сабзавотлар
Сабзавотлар бозорида арзонлашиш давом этди. Ўтган ҳафта бодринг нархи 21 фоизга тушган бўлса, бу ҳафта пасайиш янада кучайиб, 23,3 фоизни ташкил қилди. Натижада бодринг 9 370 сўмгача арзонлади.
Помидор нархи ҳам тез суръатда пасаймоқда. Аввалги ҳафтада унда кичик тушиш кузатилган бўлса, бу сафар маҳсулот 7,9 фоизга арзонлаб, 23 353 сўм бўлди.
Картошка ва пиёзда ҳам пасайиш сақланиб қолди. Картошка нархи 6 642 сўмни ташкил этиб, 0,4 фоизга тушган. Пиёз эса 2,4 фоизга арзонлаб, 2 359 сўмга етган.
Сабзида эса аксинча ўсиш кузатилди. Маҳсулот нархи 0,5 фоизга ошиб, 3 543 сўмни ташкил қилди.
Умуман, бугунги динамика баҳорги ҳосил бозорга кўпроқ чиққани ва айниқса тез бузиладиган сабзавотлар таклифи ошганини кўрсатмоқда.
Mahsulot | 29.04.2026 (so‘m) | 22.04.2026(so‘m) | O‘zgarish |
Kartoshka (1 kg) | 6 642 | 6 669 | -0,4% |
Piyoz (1 kg) | 2 359 | 2 416 | -2,4 % |
Sabzi (1 kg) | 3 543 | 3 526 | +0,5 % |
Pomidor (1 kg) | 23 353 | 25 353 | -0,6 % |
Bodring (1 kg) | 9 370 | 12 214 | -23,3 % |
Жадвал narxtahlil.uz платформасидаги маълумотлар асосида тайёрланди
Мевалар
Мевалар сегментида ўтган ҳафтаги ўсиш тенденцияси сақланди. Лимон нархи аввал 3,6 фоизга ошган бўлса, бу ҳафта ҳам 1,7 фоизлик ўсиш қайд этилиб, маҳсулот 46 402 сўмга етди.
Олма нархи ҳам ўсишда давом этиб, 1,1 фоизга қимматлашган ва 15 897 сўмни ташкил этган.
Нокда эса ўтган ҳафта деярли ўзгариш кузатилмаган бўлса, бу сафар 0,2 фоизлик пасайиш қайд этилди. Узум нархи эса барқарор қолиб, 26 597 сўм даражасида шаклланган.
Mahsulot | 29.04.2026 (so‘m) | 22.04.2026 (so‘m) | O‘zgarish |
Olma (1 kg) | 15 897 | 15 717 | +1,1 % |
Nok (1 kg) | 21 864 | 21 906 | -0,2 % |
Limon (1 kg) | 46 402 | 45 646 | +1,7 % |
Uzum (1 kg) | 26 597 | 25 585 | 0 % |
Жадвал narxtahlil.uz платформасидаги маълумотлар асосида тайёрланди
Умуман, бозорда ҳозир икки хил ҳолат кузатилмоқда. Гўшт, ун ва айрим мевалар нархи секин бўлса ҳам ошиб бормоқда. Айниқса, гўшт импорти камайиши ички бозорда нархлар юқори сақланишига таъсир қилаётган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, баҳорги ҳосил кўпайгани сабзавотлар нархига таъсир қилди. Бодринг ва помидор анча арзонлади. Бу эса бозорда маҳсулот кўпайганини ва яқин ҳафталарда айрим сабзавотлар нархи яна барқарорлашиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Teglar






