Ўзбекистонга мол гўшти импорти икки ойдан бери қисқармоқда

Ўзбекистонга импорт қилинаётган мол гўшти ҳажми кетма-кет икки ой давомида камайди. Мамлакатда эса гўшт нархлари ўсиши давом этмоқда.

Ўзбекистонга мол гўшти импорти икки ойдан бери қисқармоқда © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил апрел ойида Ўзбекистонга умумий қиймати 57 миллион долларлик 11,2 минг тонна мол гўшти импорт қилинган. Бу март ойига нисбатан сезиларли пасайишни кўрсатади.

Таққослаш учун, март ойида хориждан 61 миллион долларга 12,7 минг тонна, февраль ойида эса 67,4 миллион долларга 14,4 минг тонна мол гўшти олиб кирилган. Шундай қилиб, импорт ҳажми мартда 1,7 минг тоннага, апрелда эса яна 1,5 минг тоннага қисқарган.

Қўй ва товуқ гўшти импортида ҳам пасайиш кузатилди. Апрел ойида мамлакатга 8,6 миллион долларлик 2,85 минг тонна қўй гўшти олиб кирилган. Март ойида бу кўрсаткич 3,1 минг тоннани ташкил этган ва умумий қиймати 9,66 миллион доллар бўлган.

Товуқ гўшти импорти ҳам камайган. Апрел ойида хориждан 6,3 миллион долларга 5 минг тоннадан ортиқ товуқ гўшти сотиб олинган. Март ойида эса 7 миллион долларлик 6,4 минг тонна товуқ гўшти импорт қилинганди.

Шу билан бирга, ички бозорда гўшт нархлари ўсишда давом этмоқда. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, апрель ойида суякли мол гўшти нархи бир ой ичида 3,2 фоизга ошган. Йиллик ҳисобда эса ўсиш 16,6 фоизни ташкил этган.

Суяксиз мол гўшти ҳам ойлик ҳисобда 3,2 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 17,3 фоизга қимматлашган. Қўй гўшти нархи апрел ойида 3,7 фоизга, йиллик ҳисобда эса 20,3 фоизга ошган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонга мол гўшти импорти икки ойдан бери қисқармоқда | Vaqt.uz