Logo

Ҳафталик нархлар таҳлили: нима қимматлаб, нима арзонлади?

Ўзбекистонда сабзавотлар нархининг кўтарилиши давом этаётган бўлса-да, мевалар орасида арзонлашиш кузатилди. Гўшт маҳсулотлари нархи деярли ўзгармади. Энг қиммат гўшт Тошкент шаҳрида, туман ва шаҳарлар кесимида эса Марғилонда сотилмоқда.

Ҳафталик нархлар таҳлили: нима қимматлаб, нима арзонлади?

28-октябр ҳолатига бозорларда айрим сабзавотлар, жумладан, бодринг, помидор ва булғор қалампири нархи кўтарилди. Мевалар нархи бироз пасайиб, лимон 3,7 фоиз, олма 1 фоиз, нок эса 0,4 фоизга арзонлашди.

Vaqt.uz Марказий банкнинг «narxtahlil.uz» платформаси маълумотлари асосида ҳафталик озиқ-овқат нархларини доимий ўрганиб боради.

Асосий маҳсулотлар

Ҳафта давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан ҳисобланган кунгабоқар ва пахта ёғи нархлари барқарор бўлди. Хусусан, кунгабоқар ёғи 21 минг 488 сўм, пахта ёғи эса 20 минг 292 сўм билан ўзгаришсиз қолди.

Ун нархида ҳам сезиларли фарқ кузатилмади. Биринчи навли уннинг килоси 6 минг 253 сўм, олий навли ун эса 9 минг 361 сўмдан сотилди. Биринчи навли ундан тайёрланган ноннинг нархи ҳам деярли ўзгармади — 6 минг 304 сўм.

Бошқа маҳсулотлар орасида тухум бироз қимматлади. 10 дона тухумнинг ўртача нархи 12 минг 574 сўмга етиб, ҳафта давомида 0,9 фоизга ошди.

Гуруч ва шакар нархи арзонлашди. Гуручнинг килоси 14 минг 965 сўмни ташкил этиб, нархи 0,1 фоизга, шакар эса 0,3 фоизга пасайди. Бир килограмм шакарнинг ўртача нархи 12 минг 397 сўм бўлди.

1

Сабзавотлар

Бу ҳафта сабзавотлар орасида энг кўп бодринг ва помидор қимматлади. Бодринг нархи 9,7 фоизга ошиб, килоси 9 минг 315 сўмга етди. Помидор ҳам 6 фоизга қимматлаб, 9 минг 183 сўмдан сотилди. Яъни, бозорда ушбу икки маҳсулот нархидаги ўсиш бошқа сабзавотларга қараганда анча юқори бўлди.

Булғор қалампири ҳам 5,4 фоизга қимматлади. Унинг килограмми 9 минг 315 сўмдан, бақлажон нархи эса 6 минг 216 сўмдан сотилмоқда. Шундай қилиб, бодринг, помидор ва қалампир нархи бир килограмм учун 9 минг сўмдан ошди.

Картошка ва пиёз нархи ҳам бироз кўтарилди. Бир килограмм картошка 4 минг 927 сўмга, пиёз эса 2 минг 789 сўмга етди. Уларнинг нархи мос равишда 1,7 ва 1,3 фоизга ошган.

Сабзи нархи эса бошқа сабзавотлардан фарқли равишда пасайди. Бир килоси 5 минг 22 сўмни ташкил этиб, 3,3 фоизга арзонлади. Карамнинг нархи эса 1,1 фоизга кўтарилиб, 4 минг 212 сўмга етди.

2

Мевалар

Мевалар орасида нархи энг кўп арзонлаган маҳсулот лимон бўлди. Унинг бир килоси 35 минг 527 сўмни ташкил этиб, 3,7 фоизга пасайди. Узум нархи ҳам бироз тушди, бироқ ўзгариш жуда кичик, атиги 0,2 фоизни ташкил этди. Натижада узумнинг килоси 11 минг 918 сўмдан сотилди.

Олма ва нок нархи ҳам арзонлашишда давом этмоқда. Бир килограмм олма 11 минг 249 сўмни ташкил этиб, олдинги ҳафтага нисбатан 1 фоизга арзонлади. Нокнинг килоси эса 18 минг 46 сўмдан сотилди. Унинг нархи ҳафталик ҳисобда 0,4 фоизга тушди.

3

Ҳудудлар кесимида гўшт нархлари қандай?

28-октябр ҳолатига кўра, мол ва қўй гўштининг мамлакат бўйича ўртача нархи бир ҳафта ичида 0,1 фоизга қимматлаган. Бир кило мол гўшти 125 минг 538 сўм, қўй гўшти эса 137 минг 219 сўмдан сотилган. Товуқ гўшти нархи ўзгармай, 32 минг 498 сўмни ташкил этган.

Мол гўштининг ҳудудлар кесимидаги ўртача нархлари:

4

                

28-октябр ҳолатига кўра, мол гўштининг энг юқори ўртача нархи Тошкент шаҳрида, энг пасти эса Қорақалпоғистонда қайд этилди. Пойтахтда бир кило мол гўшти 135 минг 255 сўмдан сотилган бўлса, Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич 115 минг 322 сўмни ташкил этди. Яъни, икки ҳудуд ўртасидаги фарқ қарийб 20 минг сўмга тенг.

Тошкент шаҳридан кейинги энг юқори нарх Сурхондарёда қайд этилди. Унинг бир килоси 132 минг 151 сўмни ташкил қилган. Жиззахда бу кўрсаткич 129 минг 61 сўм, Самарқандда эса 128 минг 230 сўм бўлди. Энг арзон нархлар Қорақалпоғистондан кейин Наманган ва Навоий вилоятларида кузатилди.

Бир ҳафта ичида мол гўшти нархи энг кўп Тошкент вилоятида ошиб, 123 минг 655 сўмдан 124 минг 108 сўмга етди.

Туман ва шаҳарлар кесимида нархлар ўртасидаги тафовут янада каттароқ. Энг қиммат мол гўшти Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида — 139 минг сўм, энг арзони эса Навоий вилоятининг Томди туманида — 98 минг 750 сўм бўлган. Бу икки ҳудуддаги нархлар ўртасидаги фарқ 40 минг 250 сўмни ташкил этади.

Ҳафта давомида нарх энг кўп Олмалиқ шаҳрида ошди. Бу ерда бир килограмм мол гўшти 123 минг 421 сўмдан 130 минг сўмга кўтарилди. Бўзатов туманида эса нарх 116 минг сўмдан 107 минг 857 сўмга тушди. Олмалиқда 5,3 фоизлик қимматлашиш, Бўзатовда эса 7 фоизлик арзонлашиш қайд этилди.

Умуман олганда, мамлакат бўйича мол ва қўй гўшти нархи бир ҳафтада 0,1 фоизга ошган. Бироқ ҳудудлар кесимида нархлар ўртасидаги фарқ анча катта. Хусусан, туман ва шаҳарлар орасида бир килограмм мол гўшти нархи 40 минг сўмдан ортиқ фарқ қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ октябр ойининг биринчи ярмида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида кузатилган ўзгаришларни ҳам таҳлил қилган эдик.

Teglar

null null

Zilola Xolto'rayevaMaqolalar soni: 53

Barchasi

Mavzuga oid