«Ҳамкорбанк» ярим йилда 1 трлн сўмга яқин фойда олди
Банкнинг биринчи ярим йилликдаги фойдаси рекорд даражада бўлди.
© Ijtimoiy tarmoqlar«Ҳамкорбанк» 2026 йилнинг январь—июнь ойлари учун молиявий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, банк ярим йил давомида 970 млрд сўм соф фойда олган.
Банк фойдаси 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 163,2 млрд сўмга ёки 20,2 фоизга кўпайган. Ўшанда банк фойдаси 806,8 млрд сўм бўлганди ва бу борада Ўзбекистонда кучли учликда эди.
Ҳисобот даврида банкнинг фоизли даромадлари 2,99 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,5 фоизга ошди. Фоиз харажатлари эса 13,9 фоизга кўпайиб, 1,52 трлн сўмни ташкил этди.
Фоизсиз даромадлар ҳам сезиларли ўсишни қайд этиб, 33,7 фоизга ошган ҳолда 2,81 трлн сўмга етди. Айни пайтда фоизсиз харажатлар ўсиш суръати юқорироқ бўлиб, 57 фоизга кўпайиши натижасида 1,51 трлн сўмни ташкил қилди.
Январь–июнь ойларида ходимларга тўланган иш ҳақи ва бошқа меҳнат билан боғлиқ харажатлар 790 млрд сўмга етди. Банкнинг умумий операцион харажатлари 1,15 трлн сўм, фойда солиғи бўйича тўловлари эса 181,2 млрд сўм бўлди.
1 июль ҳолатига кўра, «Ҳамкорбанк»нинг жами активлари 41,3 трлн сўмга етиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,6 фоизга ўсди. Кредит ва лизинг портфелининг соф ҳажми 42,2 фоизга кенгайиб, 29 трлн сўмни ташкил этган бўлса, банкнинг хусусий капитали 7,7 трлн сўмга етди.
«Ҳамкорбанк» Ўзбекистонда энг кўп фойда оладиган банклардан бири ҳисобланади. Банк 2020 йилдан бери бу борада кучли тўртликда бормоқда.





