Ҳиндистон 1-апрелдан дунёдаги энг йирик аҳолини рўйхатга олиш жараёнини бошлайди
1,4 миллиарддан ортиқ аҳолига эга Ҳиндистон 3 миллион амалдор иштирокида аҳолини рўйхатга олишни бошлайди. Маълумотлар илк бор рақамли форматда йиғилади.

Ҳиндистон 1-апрелдан бошлаб мамлакат тарихидаги энг йирик аҳолини рўйхатга олиш тадбирини бошлайди. Ушбу жараёнга 3 миллиондан ортиқ давлат хизматчиси ва амалдорлар жалб этилган. Ҳиндистон аҳолини рўйхатга олиш комиссари Мритунжай Кумар Нараяннинг сўзларига кўра, кампания икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда уй-жой ва яшаш шароитлари тўғрисидаги маълумотлар тўпланса, иккинчи босқичда ҳар бир фуқаронинг ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари қайд этилади.
БМТ Аҳолишунослик жамғармаси маълумотларига кўра, 2023-йилда Ҳиндистон аҳолиси 1,4 миллиард кишидан ошиб, Хитойни ортда қолдирди ва дунёнинг энг кўп аҳолиси яшайдиган давлатига айланди. Ҳукумат аҳоли сонининг ўсишини муаммо эмас, балки катта имконият деб ҳисобламоқда. Дунёнинг кўплаб ривожланган давлатларида ишчи кучи қариб бораётган бир пайтда, Ҳиндистон ўзининг ёш аҳолисини жаҳон меҳнат бозори учун муҳим кадрлар манбаи сифатида кўрмоқда.
Бу галги рўйхатга олишда каста мансублиги бўйича ҳам маълумотлар йиғилади. Бу Ҳиндистоннинг ички сиёсати учун ўта муҳим, чунки кўплаб сиёсий партиялар айнан муайян каста гуруҳлари манфаатларига таянади. Кампания 2027-йилнинг мартигача якунланиши режалаштирилган. Илк бор маълумотлар рақамли форматда йиғилаётгани сабабли, натижаларнинг бир қисми жараён тугаши билан тезкорлик билан эълон қилиниши кутилмоқда.
Инсон ресурси ва иқтисодий истиқбол
Мутахассислар Ҳиндистондаги демографик ўсиш иқтисодий юксалиш учун «демографик дивиденд» бўлишини прогноз қилишмоқда. Мамлакатдаги аҳолининг аксарияти меҳнатга лаёқатли ёшда экани хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва саноатни ривожлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилади.
Рақамли рўйхатга олиш тизими эса келажакда ижтимоий ёрдам дастурларини янада аниқроқ йўналтиришга имкон беради. Бу Ҳиндистонга нафақат аҳоли сони, балки иқтисодий қудрат бўйича ҳам жаҳон етакчилари қаторига киришда ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 15-январидан 28-февралига қадар Ўзбекистонда ҳам сўнгги 37 йил ичида илк марта аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ўтказилган эди. Дастлабки маълумотлар июл ойида эълон қилиниши кутилмоқда.





