ИИВ назоратига ўтган газ ва кўмир таъминоти, ўзбекистонликларнинг AI учун харажатлари ҳамда «Humo»нинг 586 млрд сўмлик фойдаси — 6 ноябрь дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Ўзбекистонда қор ёғиши кутилмоқда
«Ўзгидромет» хизмати хабарига кўра, 9 ноябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида, 10–12 ноябрь кунлари эса республиканинг қолган қисмида об-ҳаво кескин ўзгариб, совийди. Мамлакат ҳудудига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келиши натижасида 9–11 ноябрь кунлари кўп жойларда ёмғир (айрим ҳудудларда кучли) ёғиши, 10–11 ноябрь кунлари эса шимолий ва тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланиши кутилмоқда. Шунингдек, баъзи жойларда шамол тезлиги сониясига 13–18 метргача кучайиши мумкин.
Об-ҳавонинг кескин ўзгариши ортидан шимолий ҳудудлар ва чўл зоналарида ҳаво ҳарорати кечаси -2...-7 даражагача совуқ, кундузи эса +3...+8 даража илиқ бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида эса кечаси ҳарорат 0...+5 даражагача (баъзи жойларда -1...-2 даражагача совуқ), кундузи эса +7...+12 даражагача пасайиши прогноз қилинмоқда.
«Humo» тўққиз ойда ярим триллион сўмдан ортиқ соф фойда кўрди
«Миллий банклараро процессинг маркази» АЖ (Humo) 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди. Унга кўра, компаниянинг соф фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,6 баробар ошиб, 586,8 миллиард сўмга етган. Соф тушум 2,65 баробарга ўсиб, 1 триллион сўмдан ошган ҳамда асосий фаолиятдан олинган ялпи фойда 822,2 миллиард сўмни ташкил қилган. Фақатгина учинчи чоракнинг ўзида тизим қарийб 345,7 миллиард сўм тушум ва 175,9 миллиард сўм соф фойда кўришга эришган.
Даромадлар билан бир қаторда компаниянинг давр харажатлари ҳам 2,9 баробар ошиб, 176,9 миллиард сўмни ташкил этган. Шунингдек, фойда солиғи харажати 5,1 баробарга кўпайиб (73,4 млрд сўм), самарали солиқ ставкаси 6 фоиздан 11,1 фоизгача ошгани маълум қилинди. Мазкур давр якунида компаниянинг ўз маблағлари 54,1 фоизга ўсиб, 963,9 миллиард сўмга етган бўлса-да, устав капитали (155,4 млрд сўм) ўзгаришсиз қолган. Маълумот ўрнида, 2024 йил охирида давлатга тегишли «Humo» акцияларининг 100 фоизи «Paynet» компаниясига 65 миллион долларга сотилган эди.
Ўзбекистонда «Жамиятдаги фаол фуқаро» мақоми жорий этилади
Ўзбекистонда жамият ҳаётида фаол иштирок этаётганларни рағбатлантириш мақсадида «Жамиятдаги фаол фуқаро» мақоми жорий этилмоқда. Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасига кўра, ҳар бир туман ва шаҳардан йилига 208 нафар фуқарога ушбу мақом берилади. Мақом эгалари бир йил давомида давлат хизматлари тўловларида 10 фоизлик чегирма, давлат ОТМларида контракт пулининг 5 фоизини қоплаб бериш ва автокредит бошланғич бадалининг 3 фоизини тўлаб бериш каби имтиёзлардан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, улар махсус нишон билан тақдирланиб, хонадонлари эшигига «Фаол фуқаро» белгиси ўрнатилади.
Мақомга муносибларни аниқлашда «1 соат = 1 балл» тамойили асосида 5 та ижтимоий йўналиш бўйича максимал 100 баллгача баҳоланади. Бунга «Яшил макон» лойиҳаларидаги иштирок, эҳтиёжмандларга ғамхўрлик қилиш, низоларни ҳал этишда медиаторлик қилиш, жамоатчилик ҳашарларида қатнашиш ҳамда ёшларни бепул тил ва касб-ҳунарга ўқитиш каби мезонлар киради. Давлат хизматлари маркази ёки my.gov.uz орқали топширилган ва исботи (фото/видео) бўлган аризалар «Рақамли маҳалла» платформасида автоматик баҳоланиб, 75 ва ундан юқори балл тўплаганларга квота доирасида мақом берилади.
Ўзбекистонликлар 9 ой ичида Claude ва ChatGPT хизматларига қарийб 200 млрд сўм сарфлади
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида ўзбекистонликлар сунъий интеллект хизматларидан кенг фойдаланиб, Claude (Anthropic) ва ChatGPT (OpenAI) учун қарийб 200 миллиард сўм сарфлади. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу даврда «Anthropic» компанияси 116,1 миллиард сўмлик хизмат кўрсатиб, давлат бюджетига 14 миллиард сўм солиқ тўлаган бўлса, «OpenAI»нинг хизматлар ҳажми 83,1 миллиард сўмни ва солиқ тўловлари 10 миллиард сўмни ташкил этди. Йил бошида «OpenAI» етакчилик қилган бўлса-да, учинчи чоракдаги кескин ўсиш эвазига «Anthropic» жами солиқ тўловлари бўйича ўз рақобатчисини 40 фоизга ортда қолдирди.
Умумий ҳисобда, Ўзбекистонда электрон хизмат кўрсатувчи хорижий компаниялар рейтингида бу икки сунъий интеллект гиганти мос равишда бешинчи ва олтинчи ўринларни эгаллади. Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида мамлакатда рўйхатдан ўтган жами 109 та хорижий ИТ компаниялари томонидан кўрсатилган хизматларнинг умумий қиймати 1,94 триллион сўмга, улар тўлаган солиқлар эса 232,8 миллиард сўмга етган. Мазкур рейтингда мутлақ етакчилар учлигини ҳамон «Apple» (54,2 млрд сўм), «Google» (52,6 млрд сўм) ва «Meta» (46,7 млрд сўм) компаниялари бошқариб келмоқда.
Энди аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилишини ИИВ назорат қилади
Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида аҳолига ажратиладиган энергия ресурсларини ташиш, тақсимлаш ва сотиш жараёнидаги талон-торожлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат кучайтирилмоқда. Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов иштирокидаги йиғилишда суюлтирилган газ баллонлари ва кўмирни график асосида, шаффоф тарзда етказиб бериш, асоссиз тўлов талаб қилиш каби ҳолатларга барҳам бериш бўйича масъулларга қатъий топшириқлар берилди. Эндиликда темирйўл юклари, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базалари устидан доимий назорат ўрнатилади.
ИИВ маълумотларига кўра, сўнгги бир ойнинг ўзида ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланиб, 333 тоннадан ортиқ кўмир мусодара қилинган ва аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтирилган. Шунингдек, суюлтирилган газ билан боғлиқ 374 та қоидабузарлик фош этилиб, 9 139 та газ баллони ва қарийб 93 тонна газ ноқонуний муомаладан олинган. Хусусан, октябрь ойида Самарқанд вилоятидаги «Пастдарғомтумангаз» корхонаси ходимлари томонидан аҳолига мўлжалланган 3,1 тонна (32 млн сўмлик) газни талон-торож қилиш ҳолати аниқланиб, жиноят иши қўзғатилган.





