Logo

Ўзбекистонда «Жамиятдаги фаол фуқаро» мақоми жорий этилади

Бугун 13:453 дақиқа

Мақомга эга бўлган фуқароларга контракт тўлови, давлат хизматлари ва автокредит бўйича имтиёзлар берилади.

Ўзбекистонда «Жамиятдаги фаол фуқаро» мақоми жорий этилади

Ўзбекистонда ҳар бир туман ва шаҳарда йилига 208 нафар фуқарога «Жамиятдаги фаол фуқаро» мақомини бериш ҳамда уларга таълим контракти ва автокредит бўйича қатор ижтимоий-иқтисодий имтиёзлар тақдим этиш тизими йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасида маълум қилинди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, мазкур тизим жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган ва ижтимоий топшириқларни бажарган фуқароларни рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг муҳокамаси 20 ноябргача давом этади.

«Фаол фуқаро»ларга қандай имтиёзлар берилади?

Лойиҳада белгиланишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир туман ҳамда шаҳар бўйича бир йил давомида 208 нафар фуқаро «Жамиятдаги фаол фуқаро» деб топилади. Мазкур мақом бир йил муддат давомида амал қилади.

Ушбу мақомга эга бўлган фуқаролар қуйидаги имтиёзлардан фойдаланиши кўзда тутилмоқда:

— Давлат хизматларини кўрсатиш чоғида белгиланган йиғим ва тўловлар (давлат божидан ташқари) бўйича 10 фоизлик чегирма тақдим этилади;
— Давлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олиш бўйича тузилган шартнома (контракт) тўлови миқдорининг 5 фоизи ОТМнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
— Автотранспорт воситаси хариди учун ажратилган кредитларнинг бошланғич бадалининг 3 фоизи (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаган миқдорда) Маҳаллалар уюшмаси жамғармалари ҳисобидан тўлаб берилади.

Шунингдек, «Жамиятдаги фаол фуқаро» мақомини олган шахслар «Фаол фуқаро» нишони билан тақдирланади ва уларнинг яшаш хонадони эшигига махсус «Фаол фуқаро» белгиси ўрнатилиши белгиланган.

Баҳолаш мезонлари ва балл тўплаш тартиби


Фуқароларни ушбу мақомга муносиб деб топишда «1 соат = 1 балл» тамойили асосида бешта ижтимоий йўналиш бўйича баҳолаш юритилади. Умумий тўпланиши мумкин бўлган максимал кўрсаткич 100 баллга тенг бўлиб, ҳар бир мезон бўйича энг юқори кўрсаткич 20 баллни ташкил этади. Баҳолаш қуйидагича амалга оширилади:

— «Яшил макон» лойиҳаларида ва кўчат экиш тадбирларида фаол иштирок этганларга Экология ва иқлим ўзгариши бўлими томонидан (20 баллгача);
— Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга ғамхўрлик қилган фуқароларга «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан (20 баллгача);
— Маҳалладаги низоли оилалар масаласини ҳал этишда жамоатчи медиатор сифатида иштирок этган шахсларга маҳалладаги хотин-қизлар фаоли томонидан (20 баллгача);
— Маҳаллада ўтказиладиган жамоатчилик ҳашарларида фаол қатнашганларга маҳалла раиси томонидан (20 баллгача);
— Маҳаллалардаги ёшларни хорижий тиллар ва касб-ҳунарга бепул ўқитган кўнгиллиларга маҳалладаги ёшлар етакчиси томонидан (20 баллгача).

Ариза бериш ва ғолибларни аниқлаш

Мақомга даъвогар бўлган шахслар ҳар ойнинг 15-санасига қадар Давлат хизматлари марказларига шахсан мурожаат қилиши ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (мй.гов.уз) орқали бепул электрон сўровнома тўлдириши лозим бўлади. Бунда сўровномага ижтимоий мезонлар бўйича бажарилган ишларни тасдиқловчи фото, видео ва мақолалар илова қилиниши талаб этилади.

Тўпланган ҳужжатлар «Рақамли маҳалла» платформаси орқали масъул маҳалла еттилиги ва ваколатли органларга юборилади. Ваколатли органлар ҳар ойнинг 25-санасига қадар сўровномаларни ўрганиб, балларни тизимга киритади.

«Рақамли маҳалла» платформаси автоматик тарзда 75 ва ундан юқори балл тўплаган ариза берувчиларни белгиланган 208 талик квота доирасида «Жамиятдаги фаол фуқаро» деб топади ва ҚР кодли электрон маълумотнома шакллантиради. Агарда даъвогарларнинг баллари тенг келиб қолган тақдирда, мурожаатни вақт жиҳатдан эртароқ юборган фуқарога устунлик берилиши қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид