Logo

Энди аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилишини ИИВ назорат қилади

Бугун 12:092 дақиқа

Бир ой давомида кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланган. Натижада 333 тонна 540 килограмм кўмир мусодара қилиниб, аҳоли эҳтиёжлари учун етказилган.

Энди аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилишини ИИВ назорат қилади

Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида аҳолига ажратиладиган газ ва кўмирни етказиб бериш устидан назорат кучайтирилади. Энергия ресурсларини ташиш, тақсимлаш ва сотиш жараёнидаги талон-торожлик ҳамда коррупция ҳолатларининг олдини олиш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов иштирокида ўтказилган йиғилишда масъулларга аҳоли учун ажратилган энергетика ресурсларининг ўз вақтида ва тўлиқ етказилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Хусусан, суюлтирилган газ баллонларини белгиланган график асосида тарқатиш, ресурслар ҳисобини юритиш ва тақсимотда шаффофликни таъминлаш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, истеъмолчилардан асоссиз тўлов талаб қилиш ва маҳсулотни белгиланган меъёрдан кам етказиб бериш каби ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги таъкидланди.

Бир ойда қанча ресурс мусодара қилинди?


ИИВ маълумотларига кўра, ўтган бир ой давомида кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва сотиш билан боғлиқ 16 та ҳолат аниқланган. Натижада 333 тонна 540 килограмм кўмир мусодара қилиниб, аҳоли эҳтиёжлари учун етказилган.

Суюлтирилган газ билан боғлиқ қоидабузарликлар эса анча кўп бўлган. Уни ноқонуний сақлаш ва сотишга оид 374 та ҳолат фош этилган.

Тезкор тадбирлар давомида 9 139 та газ баллони ҳамда 92 тонна 936 килограмм суюлтирилган газ ноқонуний муомаладан олинган. Мазкур ресурсларни аҳоли истеъмолига қайтариш чоралари кўрилган.

Газ талон-торожи фош этилди

Октябр ойида Самарқанд вилоятида ҳам йирик қоидабузарлик аниқланган. «Пастдарғомтумангаз» газ таъминоти корхонаси ходимлари аҳоли учун ажратилган газни махсус транспорт воситаларида олиб чиқиб кетгани маълум бўлган.

Операция давомида қиймати 32 миллион сўмлик 3 тонна 100 килограмм углеводород гази мусодара қилинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Энди масъул идоралар темирйўл орқали ташиладиган юклар, газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базалари устидан назоратни кучайтиради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ аҳоли учун суюлтирилган газ нархи 15-ноябрдан ошиши, шунингдек, маиший газ баллонларини «заправка»ларда тўлдирганлик учун жарима жорий этилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

Энди аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилишини ИИВ назорат қилади | Vaqt.uz