Instagram Plus синовдан ўтказилмоқда
«Instagram Plus» обунаси орқали янги «Ҳикоялар» функциялари ва махфий кўриш имкониятлари синовдан ўтказилмоқда

«Instagram» платформаси ўзининг «Instagram Plus» обуна хизматини синовдан ўтказишни бошлади. Бу ҳақда «TechCrunch» ва «Engadget нашрлари маълум қилди.
Маълумотларга кўра, янги обуна хизмати ҳозирча айрим давлатларда, жумладан Мексика, Япония ва Филиппинда синовдан ўтказилмоқда. Нархлар ҳудудларга қараб фарқ қилади: Мексикада 39 песо, Японияда 319 иена, Филиппинда эса 65 песо атрофида белгиланган.
Хизматнинг асосий янгиликларидан бири — «Ҳикоялар»ни пост муаллифига билдирмасдан томоша қилиш имкониятидир. Бу фойдаланувчилар учун махфийликни оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, обуначилар ўз «Ҳикоялари»ни неча марта қайта кўрилганини кузатиши мумкин. Бу эса контент самарадорлигини таҳлил қилишда муҳим восита сифатида қаралмоқда.
Янги аудиториялар
«Instagram Plus» яна бир муҳим имконият — аудиторияларни эркин шакллантириш функциясини ҳам тақдим этмоқда. Энди фойдаланувчилар «Яқин дўстлар» рўйхатидан ташқари, ҳикоялар учун чексиз миқдорда аудитория рўйхатларини яратишлари мумкин.
Бу орқали фойдаланувчи контентни фақат ҳамма билан ёки фақат битта чекланган гуруҳ билан улашиш имкониятига эга бўлиш ўрнига обуначиларни турли рўйхатларга гуруҳлаш орқали ҳар бир «Ҳикоя»ни ким кўришини созлашлари мумкин бўлади.
Қўшимча функциялар
Янги хизмат доирасида «Ҳикоялар» муддатини яна 24 соатга узайтириш имкони ҳам мавжуд. Шу билан бирга, фойдаланувчилар ҳафтасига бир марта «Story’ни ажратиб кўрсатиш» функциясидан фойдаланиб, уни кўпроқ аудиторияга чиқара олади.





