Иқбол Солиев Озарбойжонда ушлангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Аввалроқ «Қўқонлик табиб» Озарбойжонда маҳаллий полиция томонидан ушлангани ҳақида хабар берилган эди.

«Қўқонлик табиб» номи билан танилган Иқбол Солиев Озарбойжонда ушлангани ҳақида ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларни рад этди. У мазкур маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтиб, бундай хабарни тарқатган блогерлар ва ОАВ устидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилишини маълум қилди.
Аввалроқ Озарбойжон матбуоти мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб, Бокудаги клиникалардан бирида юз берган ҳолат ҳақида хабар тарқатган эди. Унга кўра, Солиевнинг қабулларига кириш учун катта навбат тўпланиб, тартибсизлик юзага келган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида уни ушлагани айтилган. Мазкур хабар қисқа вақт ичида ўзбек медиа маконида ҳам кенг тарқалди.
Иқбол Солиев эса ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатида бу маълумотларни инкор этди. У ўз чиқишида журналистлар ва блогерларга мурожаат қилиб, тарқатилган хабарлар асоссиз эканини таъкидлади.
«Қачон мени полиция Озарбойжонда олиб кириб қамаб қўйди? Шу саволимга жавоб беринглар. Мен Озарбойжонда сеанс ўтказган бўлсам, халқнинг ичида сеанс ўтказдим, Аллоҳдан сўраб даволашга ҳаракат қилдим. Сенлар қачон кўрдинг мени полиция, ўша ердаги раҳбарият билан муаммо бўлганини? Қайси ташкилот йўлимни тўсди? Исботини айтинглар», – деган у ўз мурожаатида.
Солиевнинг таъкидлашича, у ҳозирда Ўзбекистонда, ўз уйида бўлиб, мазкур ҳолат юзасидан расмий идораларга мурожаат қилишини маълум қилди.





