Logo

Ишлайдиган аёлларга фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланади

Bugun 14:244 daqiqa

Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2026-йилда қўшимча равишда 100 млрд сўм, 2027-йилда 300 млрд сўм фоизсиз кредитлар ажратилади.

Ишлайдиган аёлларга фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар нафақа тўланади © Ijtimoiy tarmoqlar

Президент 11-сентябрда «Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги янги фармонга имзо чекди. Унга кўра, «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари сақлаб қолинган ҳолда уларнинг маблағларини тасарруф этиш ҳамда улар ҳисобидан ижтимоий ёрдам ва хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ваколатлари туман (шаҳар) штабларига ўтказилади.

2027-йил 1-январдан аҳолининг ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожлигини ўрганиш ҳамда Ижтимоий реестрга киритиш уларнинг молиявий ҳолатидан ташқари оила аъзоларидаги сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси, оиланинг кўп болали эканлиги каби мезонлар асосидаги кўп ўлчовли баҳолаш тизими орқали амалга оширилади.

Шунингдек, кўп ўлчовли баҳолаш тизими доирасида оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли скоринг тизими орқали баҳоланиб, унинг натижаларига кўра оилалар тегишли тоифаларга ажратилган ҳолда ижтимоий ёрдам ва хизматлар билан қамраб олинади. Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга уларга берилган ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан бошлаб фарзанди 1 ёшга тўлгунга қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан болани парваришлаш нафақасини тўлаш тартиби жорий этилади.

Ижтимоий реестрнинг «давлат таъминотидаги оила» тоифасига киритилган оилалар аъзоларига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2026-йилда қўшимча равишда 100 млрд сўм, 2027-йилда 300 млрд сўм фоизсиз кредитлар ажратилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодхон Муҳитдинованинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, янги тўлов 2026-йилдан жорий этилган давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг мантиқий давоми сифатида йўлга қўйилади.

Нафақа қандай тайинланади?

Янги тартибга кўра, аёлларга фарзанди бир ёшга тўлгунга қадар бола парвариши нафақасини тайинлашда қўшимча ҳужжат талаб қилинмайди. Нафақа давлат ижтимоий суғуртаси тизими орқали проактив (ариза бермасдан, автоматик) тарзда тайинланиши кўзда тутилмоқда.

Муҳитдинованинг таъкидлашича, бу жараён ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш механизмига ўхшаш бўлади. Аёл тиббий муассасага мурожаат қилганда ҳомиладорлик ва туғиш бўйича касаллик варақаси расмийлаштирилади. У электрон шаклда Ижтимоий суғурта ахборот модулига юборилади.

Шундан сўнг аёлнинг меҳнат фаолиятига оид маълумотлар Ягона миллий меҳнат тизимидан, даромадлари ҳақидаги маълумотлар эса Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидан автоматик олинади. Ушбу маълумотлар асосида суғурта стажи ва ўртача ойлик даромад аниқланиб, нафақа тайинланади ҳамда маблағ тўғридан-тўғри ижтимоий картага ўтказилади.

Хусусий сектор ҳам қамраб олинади

Янги тизим нафақат давлат ташкилотларида ишлайдиган аёлларга, балки хусусий секторда меҳнат қилаётган фуқароларга ҳам тааллуқли бўлади.

Ижтимоий суғурта тизимида фуқаролар мажбурий ва ихтиёрий тартибда қамраб олинади. Меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида ишлаётганлар, улар давлат ёки хусусий секторда меҳнат қилишидан қатъи назар, мажбурий тарзда суғурта тизимига киритилган.

Ўзини ўзи банд қилганлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари эса тизимдан ихтиёрий асосда фойдаланиши мумкин. Бунинг учун белгиланган энг кам миқдорда ёки ундан юқори ихтиёрий суғурта бадалларини тўлаб бориш талаб этилади.

Шу орқали улар суғурта стажига эга бўлиб, белгиланган шартлар асосида ҳомиладорлик ва туғиш, кейинчалик эса бола парвариши нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иш берувчиларнинг юки камаяди

Янги нафақани давлат ижтимоий суғуртаси тизимига ўтказишдан мақсадлардан бири — аёлларнинг расмий бандлигини рағбатлантириш ва иш жойини сақлаб қолишга кўмаклашиш.

Амалда бола парвариши билан боғлиқ нафақа иш берувчи зиммасида бўлган. Бу эса айрим ҳолларда хусусий сектордаги иш берувчилар учун молиявий юкни оширган. Агентлик вакилига кўра, натижада аёлларни бола парвариши таътилида ишдан бўшатиш ёки расмий ишга қабул қилмаслик ҳолатлари учраган.

Янги тизимда нафақани Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси тўлаши иш берувчининг молиявий юкини камайтиради. Бу эса аёлларни расмий ишга қабул қилиш ва бола парвариши даврида уларнинг иш жойини сақлаб қолиш учун қўшимча рағбат яратиши кутилмоқда.

2026-йил январ–август ойларида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси қарийб 94 минг нафар аёлга тўланган. Агентлик маълумотига кўра, ушбу аёллар янги бола парвариши нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Янги нафақанинг қанча миқдорда тўланиши ҳозирча маълум эмас. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бош мутахассиси Дилшодахон Муҳитдинованинг Vaqt.uz’га маълум қилишича, нафақа миқдори, уни тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳукумат қарори билан аниқ белгиланади.

Шунингдек, она фарзанди бир ёшга тўлмасдан ишга қайтса, нафақа тўланиши давом этадими ёки тўхтатиладими, деган масала ҳам ҳали якуний тартибда белгиланмаган.

Айни пайтда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси БҲМга боғланмаган. У фуқаронинг суғурта стажи ва ўртача ойлик даромадидан келиб чиқиб индивидуал тарзда ҳисобланади. Нафақа олиш учун камида 10 ойлик суғурта стажи, шундан 6 ойи узлуксиз бўлиши талаб этилади.

10 ойдан 2 йилгача суғурта стажига эга аёлларга ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, 2 йилдан 5 йилгача стажга эга бўлганларга 85 фоизи, 5 йилдан ортиқ стажга эга аёлларга эса 100 фоизи миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланади.

Янги бола парвариши нафақаси учун ҳам аниқ миқдор ва ҳисоблаш механизми ҳукумат қарори қабул қилинганидан кейин маълум бўлади.

Teglar

Mavzuga oid