Исроилда ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинди, Умра сафарлари учун парвозлар тўхтатилди, мансабдор 100 минг АҚШ доллари билан ушланди.
Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.
Исроилда ўзбекистонлик эркак ҳибсга олинди
Теҳрон ва бошқа шаҳарларга ҳужуми учун Исроилни тўхтовсиз ўққа тутаётган Эронда ўзбекистонлик фуқаро билан боғлиқ эътиборли воқеа рўй берди. Самарқандлик йигит Исроил кўчаларидан бирида ракета ҳужуми пайтида олинган видео сабаб ҳибсга олинди.
Ўзбекистоннинг Тел-Авивдаги элчихонаси маълумотига кўра, 28 феврал куни Исроилда яшаётган фуқаро Н.Х. ракета ҳужуми ҳақида огоҳлантирувчи сиреналар янграган пайтда вазияни видеога олиб, уни «TikTok» тармоғига жойлаштирган. Видеода эркак Самарқанд лаҳжасидаги тожик тилида «Мана, кўчаларда ҳеч ким қолмади, каламуш каби бекиниб олишди» деган сўзларни айтгани акс этган.
Тасвирлар кейинчалик Исроил ижтимоий тармоқларида ҳам тарқалиб, маҳаллий жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган. Шундан сўнг фуқаролардан бири полицияга мурожаат қилган ва эркак сўроқ учун олиб кетилган.
Фуқаро айбловни рад этиб, видеони танишларига ҳазил тариқасида олганини билдирган. Ўзбекистон элчихонаси ҳолат консуллик назоратида эканини маълум қилди ҳамда Исроилда бўлиб турган фуқароларни маҳаллий қонунларга қатъий риоя қилишга чақирди.
Эрон Олий раҳбари Хоманаий ҳалок бўлди
Ҳафта давомида Яқин Шарқда кескинликни кучайтирган энг муҳим воқеалардан бири — Эрон ҳудудига уюштирилган ҳаво ҳужумлари бўлди. 28 феврал куни Исроил кутилмаганда Эрондаги бир қатор муҳим объектларга зарбалар йўллади. Хабарларга кўра, ҳужумлар президент қароргоҳи, давлат идоралари ҳамда ядро иншоотлари жойлашган ҳудудларга қаратилган.
Мазкур зарбалар оқибатида Эрон олий раҳбари Али Хоманаий ҳалок бўлгани маълум қилинди. 86 ёшли Хоманаий билан бирга унинг оила аъзоларидан тўрт киши — қизи, куёвӣ, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлгани билдирилди.
Хоманаийнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ҳамда 7 кунлик дам олиш кунлари эълон қилинди. Хоманаийнинг фожиали вафоти туфайли Кўплаб давлатлар, жумладан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Эрон халқига таъзи изҳор қилди.
Эрон Ислом Республикасида олий раҳнамо лавозимига марҳум Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли Мўжтабо Хоманаий тайинлангани айтилди.
Эрон раҳбариятини битта битта йўқ қилишга бел боғлаган АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига кўра, у Мужтабо Хоманаийнинг ҳокимиятга келишига мутлақо қарши. У «Хоманаийнинг ўғли ҳеч нарсага арзимайди» деб атаган ва АҚШ Эронда янги раҳбарни белгилаш жараёнида шахсан ўзи иштирок этиши кераклигини айтган.
Шунингдек, Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёев 3 март куни Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони сифатида йиғилиш ўтказиб, урушлар фонида Ўзбекистон мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича топшириқ берди
Умра сафарлари вақтинча тўхтатилди
Яқин Шарқ минтақасида вазиятнинг кескинлашуви сабаб умра сафарлари вақтинча кечиктирилади.
Мазкур ҳудуддаги нотинч вазият ва ҳаво маконига қўйилган вақтинчалик чекловлар сабаб қатор рейслар бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фуқароларга ушбу давлатларга сафар қилмасликни, у ерда бўлиб турганларга эса эҳтиёт чораларини кучайтиришни тавсия этди.
Вазиятни инобатга олган ҳолда, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида идора ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари вақтинча кечиктирилмоқда. Тошкент–Жидда йўналишидаги қатновлар ҳам маълум муддатга қолдирилди.
Шунингдек, БАА ва Саудия Арабистонида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини қайтариш учун эса махсус рейслар ташкил этилди. Мадина, Жидда ва Дубайдан амалга оширилган махсус рейслар орқали 9 минга яқин ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди.
Порахўр мансабдор
Тугaётган ҳафтада Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш доирасида жиддий воқеа юз берди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими етакчи мутахассиси 100 минг АҚШ доллари пора олаётган пайтда қўлга олинди. Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, мутахассис Қарши шаҳрида фаолият юритувчи нуфузли нодавлат олий таълим муассасасининг Сурхондарё вилоятидаги филиалини тезкор равишда очиш эвазига пора талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида у сўралган пулни олаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган. Ҳозирда Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди — жуда кўп миқдорда фирибгарлик айблови билан жиноят иши қўзғатилган ва шахсга қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш тартиби белгилаган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шерзодхон Қудратхўжа лавозимидан озод қилинди
Бу ҳафта Ўзбекистондаги медиа соҳасида муҳим раҳбарлик ўзгариши рўй берди.
Шерзодхон Қудратхўжа 2022-йилдан бери эгаллаб келган Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси лавозимидан озод қилинди. Унинг ўрнини Одилжон Тожиев эгаллади.
Шерзодхон Қудратхўжа сиёсий фанлар номзоди, доцент бўлиб, узоқ йиллардан буён журналистика ва медиа соҳасида фаолият юритиб келган. У Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раҳбари сифатида ташкилотнинг ривожланишида муҳим роль ўйнади, шу жумладан ассотсиациянинг 2022-йил май ойида қайта ташкил этилишига раҳбарлик қилган.
Янги раҳбар Одилжон Тожиев 1984-йилда Тошкент шаҳрида туғилган, ҳуқуқшунос, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият юритади. У парламентда ахборот фаолияти ва ОАВ билан ҳамкорлик масалалари бўйича тажрибага эга бўлиб, бундан кейин медиа бирлашмасининг бошқарувида янги йўналишларни ривожлантиришга масъул бўлади.
Картадан картага пул кўчиришда «ўтказма мақсади»: техник янгиланишми ёки назорат?
Ҳаммаси назоратим остида деган гапни эшитганмисиз? Энди ҳақиқатдан ҳам шундай бўлади.
Картадан картага пул ўтказмаларида янги талаблар жорий қилинди.
Энди ҳар бир P2P ўтказмада «ўтказма мақсади»ни кўрсатиш мажбурий бўлди. Марказий банк буни техник янгиланиш деб изоҳласа-да, баъзи иқтисодчи ва жамоат фаоллари бу қадамни истеъмолчиларни назорат қилишга қаратилган деб баҳолашмоқда.
Янги тизимда 16 та турли мақсаддан бири танланади. Масалан, пул оилани қўллаб-қувватлаш, ижара тўлови ёки қарзни қайтариш учун юборилса, шу мақсадга мувофиқ белгиланади. Регулятор бу ўзгариш пул ўтказиш механизмига чек қўймайди, маълумотлар фақат мобил иловада қайта ишланади ва учинчи шахсга берилмайди.
Иқтисодчилар фикрича, бундай талаблар келажакда солиқ ва назорат органлари учун маълумот асоси яратиши, истеъмолчилар учун қийинчилик туғдириши ва сунъий статистика шаклланиши мумкин. Шу билан бирга, тизимнинг тўлиқ амалга ошиши яқин вақтда кутилмоқда.
Туркияда яна ўзбек аёли ўлдирилди
Тугaётган ҳафта Туркияда ўзбекистонлик аёллар билан боғлиқ фожиавий воқеалар яна бир маротаба юз берди.
Баликесир шаҳрида ишлаш мақсадида борган 46 ёшли Дилафруз Чўлиеванинг 2 март куни жасади топилди. У Бурҳония туманида кекса ва бемор кишини парвариш қилар эди. 21 январь куни бозорга чиқиш учун рухсат олганидан сўнг Дилафруздан хабар бўлмаган ва яқинлари бедарак йўқолганлиги ҳақида ариза берган.
Текширувлар натижасида марҳуманинг телефони ўчгани ва охирги марта Илёс исмли шахс ёнига боргани аниқланган. Илёс ҳибсга олинган, қолган уч нафар гумондор шартли равишда озод қилинган. Суд-тиббий экспертиза учун жасад Бурсага юборилди.
Бу ҳолат январь ойида Туркияда ваҳшийларча ўлдирилган ўзбекистонлик аёллар сериясидан кейинги яна бир фожиа ҳисобланади. Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича қидирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистонда камбағаллик чегараси 715 минг сўм бўлди
Ҳафта якунларида Ўзбекистонда ижтимоий иқтисодий соҳада муҳим янгилик эълон қилинди.
Ўзбекистонда бир кишининг бир ойлик минимал истеъмол харажатлари 715 минг сўм деб белгиланди. Бу ҳақда 4 март куни Миллий статистика қўмитаси «Минимал истеъмол харажатлари қиймати тўғрисида»ги ҳисоботда маълум қилди. Ушбу кўрсаткич 2025 йил инфляцияси ва нарх индекслари асосида ҳисобланган ва ўтган йилга нисбатан 6,9 фоизга юқори.
Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичи камбағаллик чегараси сифатида қўлланади. Ўзбекистонда ҳам ушбу кўрсаткич: аҳоли учун мақсадли ижтимоий кўмакларни белгилашда, камбағалликка қарши стратегия ва дастурларнинг самарадорлигини оширишда, шунингдек пенсия ва нафақалар минимал миқдорини белгиллашда асос бўлади.
Teglar






