Иссиқ сув ва иссиқлик учун эски тарифларни сақлаш муддати қисқартирилди
Энди кўп квартирали уйларда иссиқлик ва иссиқ сув учун олдиндан тўлов қилган истеъмолчилар эски тарифлардан бир йил эмас, фақат икки ой давомида фойдалана олади.

Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари учун олдиндан тўлов қилинганда амалдаги тарифларни сақлаб қолиш муддати 12 ойдан 60 кунга қисқартирилди. Бу ҳақда Veolia Energy Tashkent компанияси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ўзгаришлар кўп квартирали уйларни иссиқлик энергияси билан таъминлаш тартибига киритилган ўзгартиришлар асосида жорий этилмоқда. Мазкур тартиб дастлаб 2014 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган.
Янгиланган қоидаларга мувофиқ, истеъмолчи хизматлар учун олдиндан тўлов амалга оширган тақдирда, ўша вақтдаги тарифлар энди бир йил эмас, балки 60 кун давомида сақланади. Шу муддат ичида тарифлар оширилса ҳам, аввалдан тўланган ҳажм учун қўшимча ҳақ ундирилмайди.
Бироқ икки ойлик давр якунланганидан кейин кейинги ҳисоб-китоблар фақат амалдаги тарифлар бўйича амалга оширилади. Илгари эса олдиндан тўлов қилган истеъмолчилар учун эски нархлар 12 ой давомида сақланиб қолар эди.
Шунга ўхшаш тартиб 2024 йил баҳоридан буён аҳоли учун табиий газ ва электр энергияси бўйича аванс тўловларида ҳам қўлланилмоқда. Тадбиркорлар ва бошқа номаиший истеъмолчилар учун эса тарифларни сақлаш муддати бир ой билан чекланган.





