Logo

Жаҳонда пул яна қимматлашмоқда: Марказий банклар ставкани оширяпти

Bugun 09:002 daqiqa

АҚШ ва Япония марказий банклари бу ҳафта ставкаларни оширди. Европа Марказий банки эса қатъий сиёсатни давом эттириш сигналини берди.

Жаҳонда пул яна қимматлашмоқда: Марказий банклар ставкани оширяпти © Shutterstock

Жаҳон иқтисодиётида марказий банклар яна пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш босқичига яқинлашмоқда. Reuters таҳлилига кўра, бир қатор йирик марказий банклар инфляцияни жиловлаш учун фоиз ставкаларини оширмоқда ёки бунга тайёргарлик кўрмоқда. Бунга Яқин Шарқдаги уруш фонида нефть ва бошқа энергия ресурслари нархларининг юқорилиги ҳам таъсир қилмоқда.

АҚШ ставкани уч йилдан кейин оширди

Федерал захира тизими 16 сентябрь куни асосий ставкани 0,25 фоиз бандга ошириб, 3,75–4 фоиз оралиғига олиб чиқди. Бу ФРТнинг сўнгги уч йилдаги биринчи ставка ошириши бўлди.

ФРТ раҳбарияти инфляциянинг мақсадли 2 фоиз даражасидан юқори бўлиб қолаётгани шароитида пул-кредит сиёсатини янада қатъийлаштириш имкониятини очиқ қолдирди. Марказий банкнинг прогнозларига кўра, 18 нафар сиёсатчидан 16 нафари 2026 йил охиригача камида яна бир марта 0,25 фоиз бандлик ставка оширилишини кутмоқда.

Япония 31 йиллик рекордни янгилади

Япония Марказий банки 18 сентябрь куни асосий ставкани 1 фоиздан 1,25 фоизга оширди. Бу мамлакатдаги ставканинг 31 йилдаги энг юқори даражаси ҳисобланади.

Банк раиси Кадзуо Уэдага кўра, Японияда базавий инфляция 2 фоизлик мақсадга яқинлашган. Шу сабабли марказий банкнинг диққати нархларни кўтариш эмас, балки инфляциянинг белгиланган мақсаддан ошиб кетишининг олдини олишга қаратилмоқда.

Қарор 7 нафар овоз билан қўллаб-қувватланган, 2 нафар кенгаш аъзоси эса ставкани оширишга қарши чиққан.

Европа ва Британияда ҳам қатъий сигналлар

Европа Марказий банки сентябрь ойида ставкани ошириб, келгуси қарорлар бўйича қатъий позицияни сақлаб қолди. Марказий банк вакиллари энергия нархларининг юқорилиги инфляция босимини кучайтириши мумкинлигини билдирмоқда.

Буюк Британия Марказий банки эса бу ҳафта ставкани ўзгартирмади. Бироқ уруш давом этса ва энергия нархлари юқори бўлиб қолса, инфляция хавфи сабаб ставкани оширишга тўғри келиши мумкинлигини билдирди.

Нега марказий банклар яна ставкани оширяпти?


Бу жараённинг асосий омилларидан бири — энергия нархлари.
Яқин Шарқдаги уруш нефт таъминоти бўйича хавотирларни кучайтириб, нархларни юқори даражада ушлаб турибди. Бу эса транспорт, электр энергияси, ишлаб чиқариш ва бошқа харажатларга таъсир қилиб, инфляцияни яна тезлаштириши мумкин. Reuters марказий банклар айнан шу хавфни ҳисобга олаётганини қайд этмоқда.

Шу билан бирга, юқори фоиз ставкалари иқтисодиётда кредит олишни қимматлаштиради, талабни пасайтиради ва натижада нархлар ўсишини секинлаштиришга хизмат қилади.

Ҳозирги жараён 2022 йилдан кейинги глобал ставка ошириш даврини эслатмоқда. Фарқи шундаки, ҳозирги ставкалар ўша давр бошидаги рекорд даражада паст кўрсаткичлардан анча юқори турибди.

Teglar

Mavzuga oid