Жамиятда фаол деб топилган фуқароларга автокредит харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши мумкин

19.02.2026 | 18:402 daqiqa

2026 йилдан Ўзбекистонда жамият ҳаётида фаол иштирок этган фуқаролар учун балл тўплаш ва уни имтиёзларга алмаштириш тартиби жорий этилади.

Жамиятда фаол деб топилган фуқароларга автокредит харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши мумкин

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан жамиятда фаол иштирок этган фуқароларга автокредит, олий таълим шартнома тўлови ва давлат хизматларида чегирмалар бериш механизми ишга туширилади. Бу ташаббус 16 февралдаги президент фармони билан тасдиқланган 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастурида белгиланган.

Янги тартиб «Жамиятдаги фаолликни рағбатлантириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Унга кўра, экологик акциялар, ижтимоий ҳимоя тадбирлари ва маҳалла фаолиятида қатнашган фуқаролар махсус баллар тизими орқали рағбатлантирилади.

Лойиҳа «Time banking» тамойили асосида ишлайди. Яъни, фуқаролар жамоат ишларига сарфлаган соатлари балларга айлантирилади, улар жамғарилиб, кейинчалик имтиёзларга алмаштирилади. Бу орқали 350 минг нафаргача аҳолини жамият муаммоларини ҳал этишга жалб қилиш, бажарилган ишлар ҳажмини эса 1–1,5 миллион соатгача етказиш режалаштирилган.

Фаол фуқаролар «Яшил макон» ва бошқа экологик лойиҳаларда иштирок этиш, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдам бериш, маҳаллаларда медиаторлик қилиш, ҳашарларда қатнашиш, ёшларни бепул тил ва касбга ўқитиш каби йўналишларда фаоллик кўрсатиши мумкин.

«Жамиятдаги фаол фуқаро» деб эътироф этилган шахсларга давлат хизматлари учун 10 фоизгача чегирма, олий таълим шартнома тўловининг 5 фоизгача қисми ва автомашина хариди учун кредитнинг 3 фоизгача қисми қоплаб берилади.

Мазкур амалиёт ижроси Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси зиммасига юклатилган.

Teglar

Mavzuga oid

Жамиятда фаол деб топилган фуқароларга автокредит харажатларнинг бир қисми қоплаб берилиши мумкин | Vaqt.uz