Logo

Жамоат транспортларида АТТО карталаридан фойдаланиш камаймоқда

Bugun 17:542 daqiqa

2026 йилда жамоат транспортида умумий нақдсиз тўловлар кўпайган бўлса-да, АТТО карталари улушида кутилмаган ўзгариш кузатилмоқда.

Жамоат транспортларида АТТО карталаридан фойдаланиш камаймоқда

2026 йилнинг июн ойида Ўзбекистон жамоат транспортида 63,6 миллионта тўлов транзаксияси амалга оширилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга кўпдир.

Бироқ умумий ўсиш фонида АТТО транспорт карталари орқали амалга оширилган тўловлар камайди. 6 ойда ушбу карталар орқали 88 млн 709 мингта транзаксия қайд этилди. Бу 2025 йилнинг биринчи ярми билан таққослаганда 27 млн 785 мингтага ёки 24 фоизга кам ҳисобланади. Натижада АТТО карталарининг умумий тўловлардаги улуши 35 фоиздан 22 фоизга тушди.

Карталар улуши қисқармоқда


Пасайиш айниқса 2026 йил давомида тезлашган. 2025 йил январда АТТО карталари орқали 19 млндан ортиқ тўлов амалга оширилган бўлса, 2026 йилнинг шу ойида кўрсаткич 15,2 миллионтани ташкил этди.

Кейинги ойларда ҳам камайиш тенденцияси сақланиб қолди. Июнь ойида ярим йилликдаги энг паст натижа — 12,5 миллионта транзаксия қайд этилди.

Йиллик таққослашда энг катта пасайиш май ойига тўғри келди. Ушбу ойда АТТО транспорт карталари орқали амалга оширилган тўловлар ўтган йилга нисбатан 30 фоизга камайди.

2025-йил 1-январдан Тошкент шаҳри жамоат транспорти тўлиқ нақдсиз тўлов тизимига ўтказилган эди. Шундан кейин йўловчилар банк карталари, мобил иловалар, АТТО карталари ва ҚР-кодлар орқали тўлов қилиш имконига эга бўлди.

АТТО карталари билан амалга оширилган тўловлар камайиши фонида банк карталари орқали қилинган транзаксиялар кўпаймоқда. Июнь ойида банк карталари орқали жами 44 410 574 тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62 фоизга ўсди.

Ҳудудлар кесимида қаралганда, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони июнь ойида ошган. Пойтахтдан ташқари энг кўп транзаксиялар Самарқанд шаҳрида (4 260 282 та) амалга оширилган. Кейинги энг кўп амалга оширилган тўловлар эса Қарши (1 539 058 та) ва Наманган (1 489 691 та) шаҳарларида кузатилган.

Эслатиб ўтамиз
, май ойида Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланувчилар сони қисқариб, амалга оширилган транзаксиялар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан автобусларда 9 фоизга, метрополитенда 3 фоизга камайганди.

Teglar

Mavzuga oid

Жамоат транспортларида АТТО карталаридан фойдаланиш камаймоқда | Vaqt.uz