Жанубий Корея ва Словакияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди

27.10.2025 | 10:251 daqiqa

Наманган шаҳридаги хусусий бандлик агентлигининг норасмий ишчиси Тўрақўрғон туманида яшовчи 4 нафар фуқаронинг ишончига кириб, танишлари орқали уларни чет давлатга ишлаш учун юбориш эвазига пора талаб қилган.

Жанубий Корея ва Словакияга ишга юборишни ваъда қилган фирибгарлар қўлга олинди

Наманганда хорижга ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, фуқаролардан пул олган икки шахс Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.

Наманган шаҳрида фаолият юритувчи хусусий бандлик агентлигининг норасмий ходими Тўрақўрғон туманида яшовчи тўрт нафар фуқаронинг ишончига кирган. У уларни танишлари орқали Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, ҳар биридан 2000 АҚШ доллари талаб қилган.

Фуқароларнинг ишончини суистеъмол қилган шахс олдиндан 1000 доллар олган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Шу каби яна бир ҳолат Наманган шаҳрида фаолият юритувчи туристик фирма раҳбари билан боғлиқ бўлган. У мансабдор танишлари орқали бир ҳамшаҳарини Словакияга ишга юборишни ваъда қилиб, 40 миллион сўм талаб этган. Шунингдек, олдиндан виза расмийлаштириш учун 600 доллар ва 2,8 миллион сўм пул олган пайтда қўлга тушган.

Маълум бўлишича, мазкур шахс аввал ҳам фирибгарлик билан боғлиқ жиноят учун судланган, аммо хатосидан тўғри хулоса чиқармаган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фактлар асосида жиноят ишлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (фирибгарлик) билан қўзғатилган.

Teglar

Mavzuga oid