Logo

Жапаров ОТБнинг 500 млн долларлик молиялаштириш режасини тасдиқлади

Bugun 14:182 daqiqa

Имтиёзли кредитлар Қирғизистонга 32 йилгача берилиши мумкин. Кредитлар учун 8 йиллик имтиёзли давр белгиланади.

Жапаров ОТБнинг 500 млн долларлик молиялаштириш режасини тасдиқлади © iStock

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан имзоланган умумий келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Economist.kg» хабар берди.

Ушбу келишув доирасида 2026–2027-йилларда мамлакатга 500 миллион долларгача маблағ жалб қилиш режалаштирилган.

Келишув 2026-йил 3-май куни Самарқанд шаҳрида имзоланган бўлиб, унга кўра, 450 миллион долларгача ОТБнинг оддий капитал ресурслари ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилади. Яна 50 миллион долларгача маблағ банкнинг махсус жамғармалари, жумладан Яшил иқлим жамғармаси ва Япония жамғармаси орқали берилиши мумкин.

Ажратиладиган маблағлар Қирғизистон иқтисодиётининг устувор йўналишларини ривожлантириш ва 2030-йилгача мўлжалланган Миллий ривожланиш дастуридаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Қирғизистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, имтиёзли кредитлар 32 йилгача муддатга берилиши мумкин. Кредитлар учун 8 йиллик имтиёзли давр белгиланади. Фоиз ставкаси имтиёзли даврда йилига 1 фоиз, кейинчалик эса 1,5 фоизни ташкил қилади. Кредит маблағларининг бир қисми ОТБнинг махсус жамғармалари ҳисобидан ажратиладиган грантлар билан алмаштирилиши ёки тўлдирилиши мумкин.

Ушбу ҳужжат умумий молиялаштириш режасини белгилайди. Ҳар бир лойиҳа бўйича маблағ миқдори ва шартлари ОТБ билан алоҳида келишувлар орқали белгиланади. Энди Қирғизистон Молия вазирлиги келишув кучга кириши учун зарур ички тартиблар якунлангани ҳақида Осиё тараққиёт банкини расман хабардор қилади.

2026-йил 22-июлда имзоланган 116-сонли қонун расмий эълон қилинганидан 10 кун ўтиб кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон 2025-йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ичида валюта бозори энг тез ўсган мамлакат бўлганди.

Teglar

Mavzuga oid