ЖЧ 2026: Мексика ва Корея ғалабаси - спорт дайжести
Футбол бўйича тўрт йилликнинг энг муҳим мусобақаси стартолди. Vaqt.uz мазкур чемпионат муносабати билан 1 ой давомида чемпионат ўйинларидан бохабар қилиб боради. Қуйида биз якунига етган биринчи тур ўйинлари ҳақида гаплашамиз.
Кеча, 11-июн куни футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати старт олди. Бу йилги турнирга АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қилмоқда. Шу боис, Жаҳон чемпионати тарихида илк маротаба 3 та алоҳида очилиш маросими ташкил этилади.
Кечаги Мексика ва Жанубий Африка терма жамоалари ўртасидаги турнирнинг очилиш ўйини аввалида колумбиялик машҳур қўшиқчи Шакира чиқиш қилиб, жаҳон чемпионатининг расмий мадҳияси ҳисобланган “Даи Даи” қўшиғини ижро этди. Бундан ташқари, маросимда Жей Балвин ва жанубий африкалик хонанда Тайла ҳам чиқиш қилишди.
Очилиш учрашувида Мексика терма жамоаси Жанубий Африкани 2:0 ҳисобида мағлуб этди. “Астека” стадионида ўтган бу баҳсни бразилиялик ҳакам Вилтон Сампаё бошқариб борди.Ўйиннинг 9-дақиқасида Мексика терма жамоасининг ҳужумчиси Хулиан Кинонес ҳисобни очиб, ушбу турнирнинг илк голига муаллифлик қилди. Иккинчи бўлимнинг 49-дақиқасида эса Жанубий Африка терма жамоаси ярим ҳимоячиси Яя Ситхоле қўпол ҳаракати учун қизил карточка билан жазоланди ва майдонни тарк этди.
Шундан сўнг, Мексиканинг тажрибали ҳужумчиси Раул Хименес 67-дақиқада рақиб жамоа дарвозасига гол уриб, ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
84-дақиқада ВАР аралашувидан сўнг Африка жамоаси ҳужумчиси Темба Зване рақиб футболчисининг юзига зарба бергани учун тўғридан-тўғри қизил карточка билан майдондан четлатилди. Натижада африкаликлар баҳснинг қолган қисмини тўққиз киши бўлиб давом эттиришга мажбур бўлди.
Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтнинг иккинчи дақиқасида мексикалик ҳимоячи Сесар Монтес ҳам қизил карточка олди. Ва бу учрашувдаги учинчи қизил карточкага айланди. Мусобақалар тарихи учун – рекорд. Шунга қарамай, мезбонлар 2:0 ҳисобидаги устунликни сақлаб қола олди ва муҳим ғалабани қўлга киритишди.
“А” гуруҳи доирасидаги ушбу учрашувдан сўнг Мексика 3 очко билан турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилиб олди.
Бугун тонгда ушбу гуруҳнинг яна бир учрашувига гувоҳ бўлдик.
Унда Жанубий Корея терма жамоаси Чехия устидан иродали ғалабага эришди. “Эстадио Акрон” стадионида бўлиб ўтган баҳсда корейслар Чехияни 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашувда ҳисобни чехияликлар очди. 59-дақиқада Ладислав Крейчи аниқ зарбаси билан жамоасини олдинга олиб чиқди. Бироқ, устунлик узоқ давом этмади. Жанубий Корея қисқа вақт ичида ўйин назоратини қўлга олиб, 67-дақиқада Ҳван Ин Бомнинг голи эвазига мувозанатни тиклади. Баҳс тақдирини эса 80-дақиқада О Ҳён Гю ҳал қилди. Унинг голи осиёликларга мундиалдаги дастлабки уч очкони тақдим этди.
Мазкур натижадан сўнг Жанубий Корея Мексика билан биргаликда гуруҳда пешқадамлар сафидан жой олди. Иккинчи турда чехлар Жанубий Африка Республикасига қарши майдонга тушса, Жанубий Корея гуруҳ етакчилиги учун Мексика билан куч синашади.
Teglar






