Кафил бўлишдан аввал нималарни билиш керак?
Кўпчилик кафил бўлиш ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан, унга анча енгил қарайди. Бироқ кафиллик анча муҳим қарор бўлиб, унинг оқибатлари жиддий бўлиши мумкин. Vaqt.uz кафиллик жараёнида қандай қилиб қарздорни текшириш ва нималарга эътибор бериш ҳақида сўз юритади.
© ShutterstockҲамкасб дўстингиз, қариндошингиз ёки танишингиз ўзи олаётган кредит картаси, микроқарз, овердрафт ёки истеъмол кредити учун сиздан кафил бўлишни сўраганми? Vaqt.uz кафил бўлишнинг оқибатлари ва бу қарорга келишдан олдин нималарга эътибор бериш ҳақида маълумот беради.
Кафиллик — кредит таъминотининг бир тури бўлиб, унда қарздор кредитни тўлиқ ёки қисман тўламаганда, кафил кредитни тўлаб беришни ўз бўйнига олади.
Банкнинг ички тартибидан келиб чиққан ҳолда, кредит таъминоти учун кафилликни қабул қилишга лимит ўрнатилиши мумкин. Масалан, 100 млн сўмдан юқори кредитларга кафилликдан бошқа таъминот турлари талаб этилиши мумкин.
Кафилнинг мажбуриятлари қандай?
Кафиллик шартномасига имзо чекилгач, кафил билан қарз олувчи бир қаторда кредит тўлаш учун жавобгар бўлади.
Бунда қарз олувчи маълум бир сабабларга кўра кредитни тўламаганда кредитни тўлаб бериш мажбурияти унинг ўрнига кафилга юклатилади.
Банк кредит шартлари бузилганда муддати ўтган қарздорликни тўлиқ ундириш учун ишни судга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда қарздор билан биргаликда кафил ҳам баробар жавобгар бўлади, ҳаттоки, суд бўйича давлат божи ҳаражатларига ҳам.
Кафилликка рози бўлишдан олдин, (молиявий саводхон инсон сифатида) қуйидагиларни билиб олиш, фойдадан ҳоли бўлмайди:
кредит суммаси ва фоизи;
кредит муддати;
кредит тури ва мақсади;
кредит тўлов графиги бўйича ойлик тўлов суммаси;
кредит таъминотига бошқа гаров мулклари қўйилган ёки қўйилмаганлиги;
қарз олувчининг бошқа кредитлари бор ёки йўқлиги;
қарз олувчининг ойлик даромадлари;
қарз олувчининг шахсий характерига: пунктуаллиги, тартиблилиги, ҳисоблилиги.
Бундан ташқари, Кредит ахборот ва таҳлилий марказининг KATM иловасида «Ишончли кафил» ва «Кимга кафильман» хизматлари ҳам ишга туширилган.
«Ишончли кафил» — фойдаланувчи кафил бўлишидан аввал қарз олувчи шахснинг кредит тарихи маълумотлари яъни, унинг мажбуриятлари ва уларнинг бажарилиши ҳолати ҳамда скоринг бали билан танишиш имкониятини беради.
Бу орқали кафил қарз олувчининг қанчалик интизомли эканини текшириб кўриши мумкин бўлади. Хизмат нархи айни пайтда 8 240 сўмни ташкил қилади.
«Кимга кафильман» хизмати эса фойдаланувчига айни пайтда кимлар учун кафил эканини текшириш имкониятини беради.
Кафилликка қандай ҳужжатлар топширилади?
Кафил — жисмоний шахс:
паспортингиз нусхаси;
иш жойингиздан ойлик даромадингиз тўғрисидаги маълумотнома.
Кафил — юридик шахс:
ташкилотнинг сўнгги ҳисобот йили учун йиллик молиявий ҳисоботи (Форма 1, 2);
ҳисобварақ айланмасидан кўчирма;
ташкилот кафиллигини тақдим этишга ташкилот раҳбарининг розилиги.
Кафил кредитни тўласа, уни қандай қайтариб олади?
Кафил бўлиб тўланган пулни суд орқали қайтариб олиш мумкинлигини кўпчилик билмайди.
Агар кафил кредит учун пул тўлаб берса, бу пул «йўқолди» дегани эмас, аксинча қонун унга ўша маблағни қарздордан қайтариб олиш ҳуқуқини беради.
Жумладан, Фуқаролик кодексининг 295-моддасига кўра, кафил ўз ҳисобидан тўлаган пулларини, кўрилган зарарларни ва ҳатто суд харажатларини ҳам қарздордан ундириш ҳуқуқига эга.
Шу кодекснинг 295-моддасига кўра, кафил ўз ҳисобидан тўлаган пулларини, кўрилган зарарларни ва ҳатто суд харажатларини ҳам қарздордан ундириши мумкин. Яъни, кафил банкка кредитни тўлаганидан кейин қарздорга нисбатан қонуний талаб қўйиш ҳуқуқини олади.
Бу амалда кафил учун тўлаган суммани тасдиқловчи ҳужжатлар билан судга мурожаат қилиб, уни қарздордан қайтариб олиш мумкинлигини англатади.
Шу билан бирга, суд орқали нафақат асосий қарзни, балки қўшимча сарф-харажатларни ҳам ундириш имконияти мавжуд.
Мақолани тайёрлашда finlit.uz маълумотларидан фойдаланилди.





