Маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш учун 20 трлн сўм йўналтирилади
Маҳаллаларда 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш орқали қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.
© Javhar ChorshanbiyevaЎзбекистонда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш учун 20 триллион сўм йўналтирилади. Бу ҳақда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисидаги президент фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, маҳаллаларни ривожлантириш доирасида 10 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари ишга туширилади. Натижада қўшимча 100 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Бу эса ҳудудларда бандликни таъминлаш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Инфратузилмани янгилаш учун ажратиладиган 20 триллион сўм маблағ маҳаллаларга «Янги Ўзбекистон» қиёфасини олиб киришга қаратилган. Лойиҳалар доирасида муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари такомиллаштирилади.
16 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёевга энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот берилган эди. Қайд этилишича, мазкур ҳужжатлар илғор хорижий тажриба асосида мутлақо янги ёндашувлар билан ишлаб чиқилган.
Лойиҳаларда жорий йил учун давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мақсадли кўрсаткичлар ва уларни амалга ошириш механизмлари аниқ белгилаб берилган. Давлат раҳбари тақдим этилган таклифлар билан танишиб, тегишли фармонни имзолади ҳамда ислоҳотлар дастурлари ва давлат дастурини тасдиқлади.





