Малайзия подшоҳидан Словакия бош вазиригача — Шавкат Мирзиёевнинг Москвадаги учрашувлари

Мулоқотлар давомида икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинган.

Малайзия подшоҳидан Словакия бош вазиригача — Шавкат Мирзиёевнинг Москвадаги учрашувлари © Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9-май куни Москвада ўтган Ғалаба парадида қатнашиш баробарида ушбу тадбирда иштирок этиш учун борган бошқа давлатлар етакчилари билан ҳам суҳбат қурди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Унинг ёзишича, президент Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан бирга Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Словакия бош вазири Роберт Фицо, Малайзия подшоҳи Султон Иброҳим ва Лаос президенти Тхонглун Сисулит билан ҳам суҳбатлар ўтказган.

Шерзод Асадовга кўра, президентнинг хорижий ташрифлари нафақат халқаро тадбирларда иштирок этиш, балки хорижий етакчилар билан икки томонлама кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш учун ҳам муҳим имкониятдир.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи доирасидаги тадбирлар якунига етди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу тантанали маросимда иштироки умумий Ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган миллионлаб инсонлар хотирасига, шу жумладан, Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида намоён этган беқиёс жасорат, матонат ва фидойиликка чуқур ҳурмат ифодаси бўлди», - дейди Шерзод Асадов.

Teglar

Mavzuga oid