«Марказий банк мустақиллиги инфляцияни пасайтиради» — ХВЖ

Халқаро валюта жамғармаси тадқиқотига кўра, марказий банкларнинг сиёсий ва молиявий босимлардан мустақиллиги инфляцияни самарали бошқаришда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон бу борада ижобий мисоллардан бири сифатида қайд этилди.

«Марказий банк мустақиллиги инфляцияни пасайтиради» — ХВЖ

Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган тадқиқотда қайд этилишича, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Кавказ мамлакатларида марказий банклар инфляцияни бошқариш учун сиёсий босимлардан мустақил бўлиши лозим.

Тадқиқот натижаларига кўра, сиёсий ва молиявий босимлардан яхшироқ ҳимояланган мамлакатлар, айниқса кутилмаган вазиятларда инфляцияни самаралироқ назорат қила олади.

Амалий жиҳатдан, марказий банклар нефть ёки озиқ-овқат нархларида кескин ўзгаришларнинг олдини ололмайди. Бироқ улар бундай омилларнинг узоқ муддатли инфляцион босимга айланишига йўл қўймайди.

«Марказий банкларда мустақилликнинг ошиши бир йил ичида инфляция даражасининг ўртача 0,5 фоиз бандига пасайишига хизмат қилган, мазкур ижобий таъсир эса кейинги даврларда янада кучайиб борган», — дейилади тадқиқотда.

Бундай ижобий ўзгаришлар эса вақт олади. Чунки ҳуқуқий ислоҳотлар секин амалга оширилади ёки қонунчиликда назарда тутилган мустақиллик амалиётда ҳар доим ҳам тўлиқ таъминланмайди.

Ҳужжатда Ўзбекистон, Грузия, Қозоғистон ва Арманистон мисол сифатида келтирилиб, ушбу мамлакатлар марказий банклари пандемиядан кейин инфляция босими кескин кучайган даврда пул-кредит сиёсатини тез ва қатъий тарзда кучайтирган.

Валюта курсини қатъий боғлаш (
peg) режимидан фойдаланадиган мамлакатлар ҳам инфляцияни назорат қилишда нисбатан яхшироқ натижаларга эришган.

Хулоса қилингганда, пул-кредит сиёсати тизими заифроқ ёки бюджет босимлари юқорироқ бўлган иқтисодиётларда инфляцияни назорат қилиш анча мураккаб кечган.

Teglar

Mavzuga oid