Марказий Осиё энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирлари Тошкентда учрашди

14.02.2026 | 14:002 daqiqa

Учрашувда куз-қиш ва вегетация мавсумида барқарорликни таъминлаш бўйича графиклар тасдиқланди.

Марказий Осиё энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирлари Тошкентда учрашди

13 феврал куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирларининг навбатдаги ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар куз-қиш мавсумини барқарор ўтказиш ва вегетация даврида сув-энергетика тизимларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш юзасидан келишувга эришди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Музокараларда Ўзбекистон Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов ва Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қирғизистон Энергетика вазири Т.Ибраев, Қозоғистон Энергетика вазири Й.Аккенженов ҳамда Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Д.Жума иштирок этди. Шунингдек, соҳавий компаниялар раҳбарлари ва мутахассислар ҳам қатнашди.

Учрашувда сўнгги йилларда давлат раҳбарлари ташаббуси билан кўп томонлама ҳамкорлик изчил ривожланаётгани таъкидланди. Айниқса, ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатлар минтақада барқарорликни таъминлашда муҳим омил сифатида қайд этилди.

Томонлар жорий куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, электр энергияси ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тизимлар иш режими бўйича ўзаро ахборот алмашинувини кучайтириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.

Музокаралар якунлари бўйича тармоқлар иш режимлари графиклари келишиб олинди. Бу қарорлар минтақавий энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш, сув тақсимотида мутаносибликни сақлаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қирғизистонлик депутат Ўзбекистоннинг суғориш учун сувга пул тўламаслигидан норозилик билдиргани ҳақида хабар берган эдик.

Teglar

Mavzuga oid