Марказий Осиёда гўшт қаерда энг қиммат ва қаерда энг арзон?
Жаҳон бозоридаги ишлаб чиқариш қисқариши ва талабнинг ўсиши гўшт нархларини оширмоқда. Айрим давлатларда 1 килограмининг нархи 45 долларга чиққан бўлса, баъзи жойларда 4,5 долларни ташкил этмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaГлобал тенденция
Март ойида жаҳон бозорида гўшт нархлари ўсишда давом этди. «Food and Agriculture Organization» (FAO) маълумотларига кўра, нархлар февралга нисбатан тахминан 1 фоизга, ўтган йилга нисбатан эса 8 фоизга ошган.
Дунё бўйлаб нарх ўсиши асосан чўчқа гўшти қимматлашиши билан боғлиқ бўлиб, бу айниқса Европада кучли сезилмоқда. Шу билан бирга, Бразилияда гўшт ишлаб чиқариш камайган. Қўй ва парранда гўшти эса бироз арзонлашган.
Экспертлар огоҳлантиришича, АҚШ ва Бразилияда ишлаб чиқариш камайиши, Европада эса талаб юқори бўлиши туфайли мол гўшти янада қимматлашиши мумкин.
Марказий Осиёдаги нархлар
Марказий Осиё мамлакатларида эса гўшт нархлари жаҳон даражасига нисбатан ҳали ҳам анча паст ҳисобланади. FAO ҳисоботида Ўзбекистондаги гўшт нархи 10,85 доллар қилиб кўрсатилган. Бу тахминан 130 минг сўмга тенг.
Тожикистонда эса гўштнинг ўртача нархи 1 кг учун 10–11 доллар атрофида бўлиб, бу қўшни давлатлар – Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонга қараганда қимматроқ ҳисобланади.

МДҲдаги нархлар
МДҲ давлатлари орасида ҳам нархлар фарқ қилади:
Энг юқори нархлар: Эстония (20,48 доллар), Латвия (13,71 доллар), Литва (12,43 доллар)
Ўртача гуруҳ: Арманистон (11,59 доллар), Россия (10,80 доллар), Озарбойжон (10,64 доллар), Грузия (9,91 доллар)
Арзонроқ: Беларус (9,25 доллар), Молдова (8,59 доллар), Украина (7,22 доллар)
Дунёдаги энг қиммат ва энг арзон гўшт
Энг қиммат мол гўшти нархи Швейцарияда қайд этилган – 1 кг учун 45,72 доллар. Кейинги ўринларда Норвегия (32,67 доллар), Люксенбург (27,09 доллар), Жанубий Корея (25,23 доллар) ва Сингапур (25,02 доллар) келади.
Энг арзон нархлар эса Нигерия (4,56 доллар), Покистон (4,70 доллар), Кения (5,17 доллар), Ҳиндистон (5,33 доллар) ва Непал (5,40 доллар)да кузатилади.





