Мартнинг иккинчи ярми учун газ лимити маълум қилинди
Аввалроқ совуқ об-ҳаво кутилмалари сабаб аҳоли учун қўлланилган 500 метр кублик газ имтиёзи 15-мартгача узайтирилган эди. Энергетика вазирлиги мартнинг иккинчи ярми учун базавий меъёр қандай ҳисобланишини маълум қилди.

Ўзбекистонда истеъмолчилар 16-31-март кунлари яна қўшимча 50 куб метр табиий газга арзонлаштирилган нархда тўлашлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
16-мартдан бошлаб иситиш мавсуми учун амал қилган юқори меъёр бекор қилиниб, 1-ноябрга қадар ойига 100 куб метрлик базавий меъёр қайта жорий этилади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида эса бу тартиб 1 октябргача амал қилади.
Вазирлик маълумотига кўра, март ойида газ истеъмоли икки қисмда ҳисобланади. Ойнинг биринчи ярмида (1-15-март) 500 куб метрлик ойлик базавий меъёр пропорционал тақсимланиб, 250 куб метрни ташкил этади ва аҳоли ушбу ҳажм учун имтиёзли тарифдан фойдаланади. Ойнинг иккинчи ярмида (16–31 март) эса 100 куб метрлик ойлик меъёр тенг улушларда (пропорционал) тақсимланади ва 50 куб метр газ учун базавий нарх амал қилади.
Шу тариқа, март ойининг иккинчи ярмида истеъмол қилинган ушбу 50 куб метр табиий газ учун аҳоли базавий тариф бўйича — 1 куб метр учун 1000 сўмдан тўлов амалга оширади. Бу ҳажм учун 1800 сўмлик оширилган тариф қўлланилмайди.
Табиий газ ҳисоб-китоблари бўйича келиб тушаётган мурожаатларга «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан тушунтиришлар берилаётгани маълум қилинди.
Шунингдек, президент қарорларига мувофиқ эҳтиёжманд оилалар учун электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича давлат томонидан ҳар ой компенсация тўланади. Илгари бу имтиёз фақат қиш ойларида амал қилган бўлса, эндиликда у йил давомида ҳар ой берилади.
Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида республика ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин совиб кетгани сабабли табиий газ учун белгиланган қишки базавий меъёр 15-мартга қадар узайтирилган эди. Шу давр мобайнида аҳоли учун ойлик 500 куб метрлик базавий меъёр амал қилди.





