Logo

«Махам-Чирчиқ»нинг зарари бир йилда олти баравар ошди

Bugun 19:553 daqiqa

Йирик кимё корхонаси 2025 йилни 107,6 млрд сўм зарар билан якунлади ва акциядорларга дивиденд ажратмади. Компания акциядорлари орасида келишмовчилик ҳам бор.

«Махам-Чирчиқ»нинг зарари бир йилда олти баравар ошди

«Махам-Чирчиқ» АЖ 2025 йил якунида 107,6 млрд сўм соф зарар кўрди. Бу ҳақда компания акциядорларининг 20 август куни ўтказилган йиллик умумий йиғилиши баённомасида маълум қилинган.

Таққослаш учун, 2024 йилда корхонанинг соф зарари 17,7 млрд сўмни ташкил этган эди. Шундай қилиб, «Махам-Чирчиқ»нинг йиллик зарари қарийб 90 млрд сўмга ёки олти баравар ошган.

Зарар мавжудлиги сабаб 2025 йил якунлари бўйича компания акциядорларига дивиденд тўламасликка қарор қилинган. Корхонанинг 51 фоиз акцияси давлатга қарашли «Ўзкимёсаноат» АЖга, қолган 49 фоизи Испаниянинг MaxamCorp International компаниясига тегишли.

Openinfo порталида эълон қилинган расмий хабарнинг ўзи кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси таркибидаги ўзгаришларга бағишланган. Бироқ унга илова қилинган йиғилиш баённомасида компаниянинг молиявий ҳолатига оид муҳимроқ маълумотлар ҳам келтирилган.

Жумладан, кузатув кенгаши таркибидан «Ўзкимёсаноат» раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Мустафаев чиқарилиб, унинг ўрнига Улуғбек Ярбеков сайланган. Тафтиш комиссиясида эса Ғайрат Абдуллаев ва Сардор Давронов ўрнини Мирсоҳиб Миржанов ҳамда Алина Калинина эгаллаган.

Компания 2026 йилда фойдага қайтди

2025 йилдаги катта зарар компания айни пайтда ҳам зарар билан ишлаётганини англатмайди.

«Махам-Чирчиқ»нинг сўнгги молиявий ҳисоботига кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида корхона 63 млрд сўм соф фойда олган. Ўтган йилнинг шу даврида эса компания 62,8 млрд сўм зарар кўрган эди.

Январь–июнь ойларида компания тушуми 22,8 фоизга ошиб, 1,95 трлн сўмга етган. Ялпи фойда 232,6 млрд сўмдан 374,8 млрд сўмга кўпайган.

Молиявий харажатлар ҳам сезиларли камайган. Хусусан, фоиз харажатлари 2025 йилнинг биринчи ярмидаги 58,9 млрд сўмдан 20,9 млрд сўмга тушган.

2025 йилдаги зарар фақат маҳсулот сотувининг пасайиши билан боғлиқ бўлмаганга ўхшайди. Ўша йилнинг биринчи ярмида компания тушуми 52,8 фоиз ўсганига қарамай, соф натижа зарар билан якунланган. Шу даврда фоиз харажатлари бир йил олдингига нисбатан 3,6 баравар ошган.

Бу харажатлар ва қарзга хизмат кўрсатиш компаниянинг молиявий натижасига босим қилган бўлиши мумкин.

Акциядорлар ичида бўлиниш

Йиғилишда компаниянинг 2025 йилги ҳисоботи ва бухгалтерия баланси акциядорлар томонидан бир овоздан тасдиқланган. Бироқ тафтиш комиссияси хулосасига овоз беришда акциядорлар фикри бўлинган.

Хулосани тасдиқлаш учун 2 549 610 та овоз ёки жами овозларнинг 51 фоизи берилган. Қолган 2 449 626 та овоз — 49 фоиз — қарши бўлган.

Ушбу рақамлар «Ўзкимёсаноат» ва MaxamCorp International акциялари сонига айнан тенг. Шундан келиб чиқилса, давлат акциядори хулосани ёқлаган, испаниялик ҳамкор эса унга қарши овоз берган бўлиши эҳтимоли юқори.

Бу компания акциядорлари ўртасидаги биринчи келишмовчилик эмас. 2024 йил якунларига бағишланган йиғилишда MaxamCorp вакили корпоратив бошқарув, ахборот олиш ва ички назорат билан боғлиқ эътирозларини билдирган. «Ўзкимёсаноат» вакиллари эса ушбу даъволарни рад этган.

Бундан ташқари, MaxamCorp International билан «Ўзкимёсаноат» ва Давлат активларини бошқариш агентлиги ўртасида халқаро арбитраж низоси мавжуд. Ишга жалб қилинган эксперт маълумотига кўра, арбитраж доирасидаги тингловлар камида 2026 йил апрелида ҳам давом этган.

«Махам-Чирчиқ» қандай компания?

«Махам-Чирчиқ» Ўзбекистондаги йирик кимё корхоналаридан бири ҳисобланади. Завод 1940 йилда ишга туширилган бўлиб, Марказий Осиёдаги биринчи азотли ўғит ишлаб чиқарувчи корхона саналади. 

Корхона Чирчиқ шаҳрининг саноат маркази сифатида шаклланишида ҳам муҳим роль ўйнаган.

2007 йилда Испаниянинг MaxamCorp компанияси заводнинг 49 фоиз акциясини сотиб олган. Шундан сўнг «Электркимёсаноат» номи «Махам-Чирчиқ» дея ўзгартирилган.

«Ўзкимёсаноат» маълумотига кўра, корхонада 6 326 киши ишлайди. У аммиакли селитра, карбамид, аммоний сульфат, аммиак, азот кислотаси ва бошқа кимёвий маҳсулотларни ишлаб чиқаради.

Маҳсулотларнинг асосий маҳаллий истеъмолчилари қишлоқ хўжалиги ва кимё саноати корхоналаридир. Компания маҳсулотлари Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон, Қирғизистон, Хитой ва Туркияга ҳам экспорт қилинади.

Рақобат қўмитасининг 2025 йил 1 август ҳолатидаги рўйхатида «Навоийазот» ва «Махам-Чирчиқ»дан иборат компаниялар гуруҳи карбамид ҳамда аммиакли селитра бозорида устун мавқега эга субъект сифатида кўрсатилган.

Шу сабабли компаниянинг молиявий ҳолати фақат унинг икки акциядорига дахлдор масала эмас. Корхона фаолиятидаги муаммолар минерал ўғитлар таклифи ва нархлари, қишлоқ хўжалиги харажатлари, минглаб иш ўринлари ҳамда давлат активлари қийматига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid