Logo

Миграция агентлигининг қидирувдаги собиқ мулозими агентлик раҳбарларини йирик коррупция ва товламачиликда айбламоқда

Bugun 08:305 daqiqa

Халқаро қидирувга берилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг собиқ мулозими Азизбек Тоштемиров Миграция агентлигининг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаев ва собиқ раҳбари Афзал Ирматовни йирик коррупцияда айблаяпти. У тизимдаги кўзбўямачиликлар, сохта имтиҳонлар ва юқори лавозимли шахсларнинг қимматбаҳо талаблари ҳақида қатор иддаоларни илгари сурмоқда.

Миграция агентлигининг қидирувдаги собиқ мулозими агентлик раҳбарларини йирик коррупция ва товламачиликда айбламоқда © SI asosida yaratilgan

Коррупция ва бошқа қатор жиноятларда гумонланиб халқаро қидирувга берилган Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси раҳбари лавозимида ишлаган Азизбек Тоштемиров ўзининг Telegram-каналида Миграция агентлигининг собиқ ва амалдаги раҳбарларига нисбатан жиддий иддаоларни ўз ичига олган йирик баёнот эълон қилди.

Унинг ёзишича, ўзига нисбатан қўзғатилган 90 миллион долларлик маблағни ўзлаштириш ҳақидаги жиноят иши аслида «ҳақиқий коррупционерлар» томонидан ўз жиноятларини яшириш мақсадида уюштирилган «буюртма» ҳисобланади.

Тоштемиров ўз хабарларида Миграция агентлигининг собиқ раҳбари Афзал Ирматов ҳамда амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаевларга нисбатан давлат маблағларини ўзлаштиришга уриниш, имтиҳонларни сохталаштириш, қўл остидагилардан қимматбаҳо буюмлар талаб қилиш ва хорижий дипломатларни обрўсизлантириш каби қатор айбловларни илгари суриб, бунинг исботи сифатида ёзишмалар, расмий хатлар ва хужжатлар суратларини тақдим этган.

90 миллион долларлик айбловнинг рад этилиши

Баёнот аввалида Тоштемиров ўзига қўйилган ўзлаштириш айбловларини кескин рад этган.

«Қанақа 90 миллион доллар? Қани ўша пуллар? Агар бу пуллар бор бўлса, олган одамлар қонун олдида жавоб берсин», – деб ёзди у.

Тоштемиров халқни, оммавий ахборот воситаларини ҳамда суд-ҳуқуқ органларини ушбу «асоссиз» айбловларга ишонмасликка чақирган. У ўз сўзларининг исботи топилмаса, туҳмат қилганлар жазоланиши кераклигини, ўзи эса ҳақиқатни юзага чиқариш йўлида ҳатто ўлимга ҳам тайёр эканини таъкидлаган.

Афзал Ирматовга қўйилган иддаолар: Пандемия, чипталар ва сунъий навбатлар

Канал муаллифининг ёзишича, Миграция агентлигининг собиқ раҳбари Афзал Ирматов муқаддам икки марта судланган бўлишига қарамай агентликка яна раҳбар қилиб тайинланган.

Тоштемировнинг иддаосига кўра, Ирматов ўз лавозимига келгач, қатор коррупцион схемаларни йўлга қўйган:

• Пандемия даврида Кореяга ишчиларни юбориш учун сунъий навбатлар яратилиб, рейсга тушишни тезлаштириш учун ҳар бир фуқародан 500 доллар талаб қилинган.

Кореяга кета олмаётган фуқароларга асл нархи 4 миллион сўм бўлган чипталар 12 миллион сўмдан сотилган.

• Агентлик бўлим бошлиғи Азиз Қаҳҳоров орқали 50 минг сўмлик суғурта қоғозлари принтер ва фотошоп ёрдамида қалбакилаштирилиб, фуқароларга 1 миллион сўмдан пулланган.

Имтиҳонлардаги манипуляция ва дипломат можароси

Тоштемировнинг таъкидлашича, энг катта норасмий даромадлар Жанубий Кореяга ишга юбориш бўйича ўтказилган имтиҳонлар (Скилл тест) орқали олинган.

Унинг ёзишича, «Музаффар» исмли ўртакаш орқали пул йиғилган ва пул беришни рад этган 102 нафар фуқаро А. Ирматовнинг шахсий топшириғига асосан атайлаб «кўз муаммоси» важи билан имтиҳондан йиқитилган.

Тоштемировнинг иддао қилишича, у Корея ҲРД ташкилотига аралашиб, бу фуқароларнинг ҳуқуқларини тиклашга эришган.

Шунингдек, баёнотда А. Ирматов Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги вакили жаноб Квонни имтиҳонларни сохталаштиришга кўндира олмагач, уни обрўсизлантиришга урингани айтилади.

Тоштемировнинг даъвосига кўра, Ирматов ҲРД Кореа ташкилотига хат ёзиб, жаноб Квон «ўзбек менталитетини тушунмаслиги ва оммавий норозилик келтириб чиқараётганини» важ қилиб, уни алмаштиришни талаб қилган.

Тоштемировнинг ёзишича, ушбу қонунбузилишлар юзасидан 2023 йилда Ирматов 8 йилга қамалганини, бироқ бўлим бошлиғи Қаҳҳоровнинг прокуратурада ишловчи юқори лавозимли отаси аралашуви билан атиги 2-3 ой ичида оқланиб чиққанини иддао қилган.

Беҳзод Мусаевга нисбатан иддаолар: Хусусий агентликлар ва непотизм

Баёнотнинг иккинчи қисми Миграция агентлигининг амалдаги раҳбари Беҳзод Мусаевга қаратилган. Тоштемировнинг ёзишича, Мусаев Хусусий бандлик агентликларига (ХБА) лицензия бериш жараёнини шахсий даромад манбаига айлантирган.

Муаллифнинг иддао қилишича, Мусаев ундан Хусусий бандлик агентликлари вакилларини Кореяга олиб бориш ва квота топиб беришни талаб қилган, буни рад этгач эса ҳақорат қилиб, ёрдам бермаган Хусусий бандлик агентликлари лицензияларини (Work Mall, ETOS) атайлаб бекор қилган.

Непотизм айбловларига келсак, Тоштемиров Миграция агентлиги номидан Корея элчихонасига ёзилган расмий хатни илова қилиб, Мусаев ўз куёви Миродил Каримовни «НАИМИХ» агентлиги ходими сифатида сохта ҳужжатлар билан Кореяга, қизини эса Америкага юборганини иддао қилмоқда.

Қимматбаҳо буюртмалар ва 150 минг долларлик автомобил талаби

Энг жиддий айбловлардан яна бири лавозим ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ. Тоштемировнинг ёзишича, у ўзининг ёки ҳамкасбларининг шахсий маблағлари ҳисобидан Беҳзод Мусаев учун ҳар икки ҳафтада Кореядан 10 килограммдан премиум «Мрамор гўшт» (Вагю), лосос балиқлари, қимматбаҳо косметика, ҳатто эркаклар потенциялини оширувчи препаратларгача мунтазам юбориб туришга мажбур қилинган.

Тоштемировнинг таъкидлашича, бунинг ортидан Мусаев ундан Кореядан ичига махсус диван ўрнатилган қимматбаҳо «Hyundai Palisade» автомобилини сотиб олишни талаб қилган. Машина ва божхона харажатлари тахминан 150 минг АҚШ долларини ташкил этиши маълум қилинганда, муаллифнинг иддаосига кўра, Мусаев бу суммани давлат бюджетидан ваколатхонага ўтказиб беришини, пулни нақдлаштириб машина юбориш кераклигини буюрган.

Имтиҳонларга аралашув ва оммавий ишдан бўшатиш

Тоштемировнинг қайд этишича, у бюджет маблағларини ўзлаштира олмаслигини айтиб, ҳолат юзасидан Президент Администрациясига арз қилган. Муаллиф иддаосига кўра, Мусаев Мономарказдаги ЭПС имтиҳонлари вақтида «Администрация топшириғи» деган ёлғон важ билан текширувларни юмшатиш, телефон киргизиш бўйича қонунга зид буйруқлар берган.

Баёнот якунида Тоштемиров ушбу воқеалар ортидан Беҳзод Мусаев ундан қасд олиш мақсадида Ўзбекистоннинг Кореядаги элчиси томонидан берилган ижобий тавсияномага қарамай, уни ва ваколатхонанинг барча ходимларини оммавий тарзда ишдан бўшатиб юборганини таъкидлаган. Азизбек Тоштемиров оммавий ахборот воситаларини ушбу маълумотларни чуқур ўрганишга чақирган ва ўзидаги бошқа далилларни ҳам эълон қилиб боришга ваъда берган.

Азизбек Тоштемиров ўзи ким?

Миграция агентлигининг собиқ мулозими, Кореядаги ваколатхонанинг собиқ раҳбари 35 ёшли Азизбек Тоштемиров (Андижон вилоятида туғилган) халқаро қидирувга берилган бўлиб, бу ҳақдаги эълон Интерпол расмий сайтида жойлаштирилган.

Мавжуд маълумотларга кўра, А. Тоштемиров 2025 йилнинг март ойида турли қонунбузилиш ҳолатлари сабабли лавозимидан озод этилган. Ҳозирда у фирибгарлик жиноятларида гумон қилинмоқда. Хусусан, унинг лавозимда ишлаган даврида Жанубий Кореяга ишга юбориш бўйича ўтказилган «EPS-Topik» имтиҳонларида айрим номзодлар ўрнига бошқа шахсларнинг киритилиши ҳамда агентликнинг баъзи ходимлари уларга тестдан ўтишда ноқонуний ёрдам кўрсатгани ҳақида фуқаролардан бир қанча мурожаатлар келиб тушган.

Шунингдек, 2025 йилнинг август ойида Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали ҳамда марказий аппарат бош мутахассисларига нисбатан фуқароларни Жанубий Кореяга пул эвазига ноқонуний равишда юбориш ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган. Мазкур воқеалардан сўнг, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Сеул шаҳридаги ваколатхонасида фаолият юритган барча ходимлар тўлиқ алмаштирилган.

Vaqt.uz Азизбек Тоштемировнинг постлари ва баёнотларида билдирилган масалаларга аниқлик киритиш мақсадида Миграция агентлиги матбуот хизмати билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо, қўнғироқларимиз жавобсиз қолди. Шу ўринда, таҳририят мазкур ҳолат юзасидан Миграция агентлигининг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр эканини ва улар учун доимо очиқлигини маълум қилади.

Teglar

Mavzuga oid