Миллионлаб мухлислар Жаҳон чемпионатини томоша қила олмаслиги мумкин
ФИФАнинг молиявий талаблари ва Шимолий Америкадаги ноқулай вақт минтақалари трансляция ҳуқуқлари сотувини қийинлаштирмоқда.

2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати трансляция ҳуқуқлари бўйича музокаралар икки йирик бозор — Ҳиндистон ва Хитойда мураккаб кечмоқда.
«Reuters» маълумотига кўра, Ҳиндистонда «Reliance-Disney» қўшма корхонаси трансляция ҳуқуқлари учун 20 миллион доллар таклиф қилган. Бироқ бу сумма ФИФА томонидан рад этилган.
Маълум бўлишича, ташкилот дастлаб 2026 ва 2030 йилги чемпионатлар учун 100 миллион доллар талаб қилган.
Шунингдек, «Sony» компанияси ҳам бу масала бўйича музокаралар олиб борган, аммо якунда Ҳиндистон учун ФИФА ҳуқуқларини сотиб олиш бўйича таклиф бермасликка қарор қилган.
Трансляциядаги асосий тўсиқлар
Қайд этилишича, Ҳиндистонда футбол тижорий жиҳатдан крикет даражасида даромад келтирмайди, шунингдек, мусобақа Шимолий Америкада ўтказилиши сабаб кўплаб ўйинлар Ҳиндистон вақти билан ярим тунда эфирга тўғри келади.
Йирик аудитория тақдири
Хитойда ҳам ҳозирча расмий трансляция эълон қилинмаган. Аввалги чемпионатларда, жумладан 2018 ва 2022 йилларда, давлат телеканали CCTV томоша ҳуқуқларини анча олдин қўлга киритган эди.
ФИФА маълумотларига кўра, 2022 йилги чемпионатда Хитой рақамли платформаларда энг катта аудиторияга эга бўлган — умумий кўриш соатларининг 49,8 фоизи шу мамлакат ҳиссасига тўғри келган.
Маълумотларга кўра, Хитойда 200 миллионга яқин футбол мухлиси бор. Бу эса ҳар қандай бошқа давлатга нисбатан юқори кўрсаткич ҳисобланади.
ФИФА 175 дан ортиқ ҳудудда трансляция шартномаларини имзолаганини маълум қилган. Бироқ Ҳиндистон ва Хитой билан музокаралар ҳали давом этмоқда ва бу жараён махфий сақланмоқда.
Маълумот учун, 2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июнда старт олади ва 19 июл куни финал ўйини билан якунланади. Мазкур мусобақада илк бор 48 та жамоа иштирок этади ва умумий ўйинлар сони 104 тага етади.





