Мирзиёев Миллий маданий марказлар павильонини кўздан кечирди
Шавкат Мирзиёев Яккасарой туманидаги Миллий маданий марказлар павильонига ташриф буюрди. Павилёнда 20 дан ортиқ миллатга оид дўстлик уйлари ва миллий экспозициялар намойиш этилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган Миллий маданий марказлар павильонига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан танишди. Давлат раҳбари ҳар бир миллий масканни кўздан кечириб, иштирокчилар билан мулоқот қилди ва меҳмонлар учун тайёрланган бадиий дастурни томоша қилди.

Павильон Дўстлик боғи ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биносига туташ ҳудудда барпо этилган. Унда 22 миллатга хос архитектура ва маданий услублар мужассам этилган бўлиб, ҳар бир павильон ўзига хос миллий муҳитни акс эттиради.

Масканда қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқирд ўтовлари, шунингдек, корейс, беларус, украин, грек, олмон, дунган, поляк, яҳудий, грузин, арман, татар ва қрим-татар, уйғур, турк, тожик, хитой, рус ҳамда озарбайжон халқларининг икки қаватли дўстлик уйлари жойлашган.

Павильон интерьери ҳар бир халқнинг миллий анъаналари асосида безатилган. Экспозицияларда миллий либослар, мусиқа асбоблари, амалий санъат намуналари, тарихий макетлар ва маданий меросни ифодаловчи бошқа экспонатлар ўрин олган.

Ташриф давомида давлат раҳбари миллий маданий марказларнинг умумхалқ байрамларини ташкил этишдаги ўрнини алоҳида таъкидлади. Турли миллат вакилларининг юксак ватанпарварлиги ва меҳнати мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди.

Шунингдек, президент павильонда ташкил этилган бадиий дастурни томоша қилди ҳамда миллий маданий марказлар вакиллари билан биргаликда суратга тушди.





