Мирзиёев Путин билан Жиззахдаги АЭС қурилишига старт беради

Ўзбекистон раҳбари 3-6 июн кунлари бўлиб ўтадиган Петербург халқаро иқтисодий форумида қатнашиши кутилмоқда.

Мирзиёев Путин билан Жиззахдаги АЭС қурилишига старт беради

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин 4 июн куни Жиззах вилоятида қурилаётган атом электр станциясининг биринчи энергия блоки қурилиши бошланишига старт беради. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат раҳбари Санкт-Петербург шаҳридаги Константин саройида учрашув ўтказади ва видеоконференция орқали қурилиш ишларининг бошланиш маросимида қатнашади.

Ушаков мазкур тадбирни рамзий аҳамиятга эга воқеа сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, видеомулоқот орқали раҳбарлар Ўзбекистондаги атом энергетикаси лойиҳасининг муҳим босқичига старт беришади.

Жиззах вилоятидаги қурилиш майдончасида эса халқаро ва соҳавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этади.

Маросимда АЭХА раҳбари ҳам қатнашади

Маросимда Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэл Гросси, «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачев ва «Узатом» агентлиги директори Азим Ахмедходжаев иштирок этиши кутилмоқда.

Тадбир давомида аввал Мирзиёев ва Путин нутқ сўзлайди. Шундан кейин Рафаэл Гросси қисқача табрик сўзи билан қатнашчиларга мурожаат қилиши режалаштирилган.

Сўнгра «Росатом» раҳбари биринчи энергия блокининг пойдевори учун бетон қуйиш ишларини бошлашга техник тайёргарлик ҳақида ҳисобот беради.

Қурилишнинг янги босқичи

Юрий Ушаков маълум қилишича, Алексей Лихачев президент Путиндан қурилиш ишларини бошлашга рухсат сўрайди.

Худди шундай тартибда «Узатом» раҳбари Азим Ахмедходжаев ҳам президент Мирзиёевга ҳисобот тақдим этади ва ишларни бошлаш учун рухсат олади.

Шундан кейин икки давлат раҳбари Жиззахдаги атом электр станцияси қурилишининг биринчи энергия блоки бўйича амалий ишлар бошланишига расман рухсат беради.

Teglar

Mavzuga oid

Мирзиёев Путин билан Жиззахдаги АЭС қурилишига старт беради | Vaqt.uz