Молиявий кўрсаткичларда фарқ бор: payme 1 000 сўмлик акцияга 12 000 сўм дивиденд тўлайди
Тўлов ташкилоти 2024 йилги соф фойдасидан 240 млрд сўм акциядорларга дивиденд тўлашини маълум қилди. Бу соф фойдани деярли барча қисми дегани. Бироқ, аввалроқ эълон қилинган ҳисоботда соф фойда 274,3 млрд сўм эди.

Ўзбекистондаги энг йирик тўлов ташкилотларидан бири — payme 2024 йилги соф фойдани тақсимлаш бўйича қарор қабул қилди. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида эълон қилинди.
11 феврал куни бўлиб ўтган йиғилишда акциядорларга 240 млрд сўм дивиденд тўлаш бўйича қарор қабул қилинган. Бу ҳар бир акцияга 1 200 фоиздан (12 000 сўм) дивиденд тўланишини билдиради.
Йиғилиш эълон қилинган маълумотномада payme тўлов ташкилотининг 2024 йилги соф фойдаси 241,3 млрд сўм экани кўрсатилган.
2025 йилнинг ёзида эълон қилинган йиллик ҳисоботда эса соф фойда 274,3 млрд сўм экани қайд этилган. Янги ахборотда соф фойда 33 млрд сўм камроқ кўрсатилмоқда.
Молиявий кўрсаткичлар мос келмаётганига 2025 йил октябрида чиқарилган қарор сабаб бўлиши мумкин. Ўшанда ҳисоботда соф фойда 3 млрд сўмга камроқ — 271,3 млрд сўм қилиб кўрсатилганди.
Соф фойдадан 30 млрд сўм акциядорларга 150 фоиз кўринишида дивиденд сифатида берилиши тўғрисида қарор қабул қилинган. Қолган 241,3 млрд сўм тақсимланмаган фойда сифатида қолдирилиши белгиланган. Бу эса 11 февралдаги соф фойда кўрсаткичи билан мос келади.
Шундан келиб чиқиб, соф фойданинг деярли барча қисми дивиденларга йўналтирилганини хулоса қилиш мумкин. Демак, 2024 йилги соф фойданинг деярли 100 фоизи акциядорларга қайтарилмоқда.
Қайси тўлов ташкилоти кўпроқ фойда олган?
2024 йилда payme соф фойда бўйича 274,3 млрд сўм билан тўлов ташкилотлари орасида учинчи ўринни эгаллаганди. Ундан аввалги ўринларда — Click ва Paynet.
Click ўша йил давомида 295,1 млрд соф фойда олиб, етакчи бўлганди. Paynet 281,5 млрд сўм иккинчи ўринни эгаллаганди.
Бу уччала тўлов ташкилоти 2024 йилда 70 фоиз банклардан кўра кўпроқ фойда олган.
Ҳозирда Грузиянинг TBC Group компанияси payme тўлов ташкилотининг тўлиқ эгаси ҳисобланади. 2019 йил апрелида компания payme'нинг 51 фоизини сотиб олганди.
Шундан сўнг 2023 йилнинг май ойида TBC Group қолган 49 фоиз улушни 55,7 млн долларга сотиб олди ва payme'нинг тўлиқ эгасига айланди.
Тарқалган маълумотларга кўра, ўша пайтда payme'нинг 49 фоиз улушига 5 нафар жисмоний шахс эгалик қилган. Келишув натижасида уларнинг ҳар бири бир неча млн доллардан пул олган.





