Москвада тадбиркор Умар Жаброилов ўз жонига қасд қилди

02.03.2026 | 19:202 daqiqa

Россия Федерацияси Кенгашининг чеченистонлик собиқ аъзоси Жаброиловнинг жасади Москвадаги Твер кўчасида жойлашган меҳмонхонада топилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар унинг ўз жонига қасд қилганини тасдиқлаган.

Москвада тадбиркор Умар Жаброилов ўз жонига қасд қилди

Москвада тадбиркор, Россия Федерацияси Кенгашининг Чеченистондан сайланган собиқ аъзоси Умар Жаброилов ўз жонига қасд қилган. Собиқ сенаторнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида бугун, 2-март куни ТАСС ахборот агентлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси ва Жаброиловнинг собиқ адвокатига таяниб хабар берган.

«Тадбиркор Умар Жаброиловнинг ўлимида жиноий аломатлар йўқ, текширув ўтказилмоқда», – дея хабар қилади ТАСС ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар суҳбатдошига таяниб.

Жаброиловнинг жасади Москва марказидаги меҳмонхонада топилган. 67 ёшли собиқ сенаторнинг жасади Твер кўчасидаги меҳмонхонадан аниқланган, ёнида тўппонча бўлган, деб ёзди «Mash» Telegram-канали. Шунингдек, Жаброиловнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида «Baza» ва «РБК» ҳам манбаларига таяниб хабар берган. «Mash» эслатишича, Умар Жаброилов 2020 йилда ҳам ўз жонига қасд қилишга уринган.

Умар Жаброилов ким?

Грозний шаҳрида туғилган Умар Жаброилов 2000 йилда президентлик сайловларида иштирок этган ва охирги ўринни эгаллаган. 2004–2009 йилларда у Чеченистонни РФ Федерация Кенгашида вакил сифатида намоён этган ва халқаро ишлар қўмитаси раис ўринбосари лавозимида ишлаган.

2009–2013 йилларда Жаброилов РФ президенти ёрдамчиси Сергей Приходконинг маслаҳатчиси бўлган.

2017 йилда собиқ сенатор Москвадаги «Four Seasons Hotel Moscow» меҳмонхонасида ўқ отишга уриниш билан боғлиқ безорилик айби билан қўлга олинган. Унга нисбатан безорилик бўйича жиноят иши қўзғатилган ва 500 000 рубл жарима тайинланган. Шундан сўнг у партия обрўсига путур етказувчи ҳаракатлар қилгани учун «Единая Россия» партиясидан чиқарилган.

Teglar

Mavzuga oid