Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарима 12 млн сўмгача оширилди
10.10.2025 | 18:224 daqiqa
Президент қарорига кўра, яроқлилик муддати ўтган маҳсулот сотган тадбиркорларга нисбатан жавобгарлик кучайтирилади ва «Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизими ишга туширилади.

Ўзбекистонда муддати ўтган ёки яроқлилик санаси кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар уч баробарга оширилди. Энди жариманинг энг юқори миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварига тенг бўлади — бу 12 миллион 360 минг сўмни ташкил этади.
Президентнинг 6 октябрда қабул қилинган истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қарори билан Рақобат қўмитасининг тегишли таклифи маъқулланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига кўра, яроқлилик муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган сана ва муддат кўрсатилмаган товарларни сотиш ёки сотиш учун қабул қилганлик учун фуқароларга аввал 1,2 млн сўмдан 4,2 млн сўмгача, мансабдор шахсларга эса 2,8 млн сўмдан 4,2 млн сўмгача жарима қўлланилар эди. Эндиликда энг юқори миқдор 12 млн сўмдан ошади.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг шикоятларини қабул қилиш учун янги «Истеъмолчи мурожаати» ахборот тизимини ишга туширади. Ушбу тизим орқали шикоятларни кўриб чиқиш жараёни барча босқичларда назорат қилинади. Тизим Давлат солиқ қўмитаси шахсий кабинети билан интеграция қилиниб, тадбиркорларга мурожаатлар ҳақида тезкор хабар бериш имконини яратади.
Дастлабки тартибга кўра, мурожаатлар тадбиркор томонидан 10 кун ичида ҳал этилиши керак. Агар муаммо ҳал этилмаса, ариза Рақобат қўмитаси ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига юборилади. Бундай ташкилотлар қоидабузарликни ихтиёрий бартараф этиш бўйича кўрсатмалар бериш ваколатига эга бўлади.
Қарорга мувофиқ, озиқ-овқат ва этил спирти маҳсулотларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш ваколати Бош прокуратура ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясига ўтказилди.
Шунингдек, 2026 йилдан рақамли маркировка тизими орқали яроқлилик муддати ўтган товарларнинг савдоси автоматик равишда чекланади — бундай маҳсулотлар учун касса чеки чиқарилмайди.





