Logo

Муддатли тўлов асосида савдо қилувчи айрим ташкилотлар Марказий банкда рўйхатдан ўтиши талаб этилади

Bugun 09:342 daqiqa

Савдо айланмаси чорак якунида 500 млн сўмдан ошган ва унинг камида 50 фоизини бўлиб-бўлиб тўлаш хизматлари ташкил этган ташкилотлар учун янги тартиб жорий этилиши кутилмоқда.

Муддатли тўлов асосида савдо қилувчи айрим ташкилотлар Марказий банкда рўйхатдан ўтиши талаб этилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ўзбекистонда товар ва хизматларни муддатли тўлов асосида сотувчи ташкилотларни Марказий банкда ҳисобга олиш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Марказий банк томонидан тайёрланган тегишли қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Лойиҳада назарда тутилишича, ҳисобот чораги якунига кўра, савдо айланмаси 500 млн сўмдан ортиқ бўлган ҳамда ушбу айланмада бўлиб-бўлиб тўлаш хизматининг улуши 50 фоиз ёки ундан кўпни ташкил этган ташкилотлар Марказий банкда рўйхатдан ўтиши лозим. Ушбу талаб ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан қўлланмайди.

Мазкур талабларга мос келадиган ташкилотлар ҳисобот даври тугаганидан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмасдан Марказий банкка ариза ҳамда зарур ҳужжатларни топширишлари шарт.

Ҳужжат лойиҳасига асосан, муддатли тўлов хизматларини амалга ошириш ҳуқуқи ташкилот Марказий банк томонидан юритиладиган махсус реестрга киритилгандан сўнг берилади. Банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор этиш тартибида, бошқа юридик шахслар эса ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали ушбу реестрга киритилади.

Ташкилотларни аниқлаш жараёнида Солиқ қўмитаси электрон ҳисобварақ-фактуралар ҳамда онлайн касса чеклари асосида шаклланган маълумотларни Марказий банкка юборади. Марказий банк эса тақдим этилган маълумотларни ўрганиб, таҳлил қилади.

Белгиланган мезонларга жавоб берувчи ташкилотларнинг рўйхатдан ўтмасдан фаолият олиб бориши низом талабларининг бузилиши сифатида баҳоланади.

Қарор лойиҳасининг 2027-йил 1-январдан кучга кириши режалаштирилган. Ҳужжат юзасидан жамоатчилик муҳокамаси эса 1-декабрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, 2027-йилдан банк иловалари, банкоматлар, пешлавҳалар, йўл белгилари, аэропорт ва вокзаллардаги ахборотлар такомиллаштирилган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid