Logo

Мулки гаровда қолган «Ўзбекфилм», ҳукумат серверларига хитойлик хакерлар ҳужуми ва Тошкент бозорлари тақдири — 21 август дайжести

Kecha 22:554 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Мулки гаровда қолган «Ўзбекфилм», ҳукумат серверларига хитойлик хакерлар ҳужуми ва Тошкент бозорлари тақдири — 21 август дайжести

Вазир жамғармаси ҳисобидан устама оладиган ўқитувчилар рўйхати эълон қилинди|

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг тегишли буйруғи билан Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрлар рўйхати тасдиқланди. Бу йилги танловда жами 1696 нафар педагог ғолиб деб топилди. Уларнинг 1400 нафари умумий ўрта таълим мактаблари, 98 нафари ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва 198 нафари мактабгача таълим ташкилотлари вакилларидир.

Танлов ғолибларига 2026 йил сентябрдан 2027 йил майига қадар (жами 9 ой давомида) ҳар ойлик устамалар тўлаб борилади. Белгиланган тартибга мувофиқ, умумтаълим ташкилотлари педагогларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баравари (7 млн 480 минг сўм), мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларига эса 2 баравари (2 млн 992 минг сўм) миқдорида устама берилади. Ушбу рағбатлантириш тизими 2022 йилдан буён юқори натижа кўрсатаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амал қилиб келмоқда.

«Аҳолимиз ўрганган ва насибасини топаётган жойлар ўзгарса, албатта, безовта бўлади» — пойтахт ҳокими

Тошкент шаҳридаги 35 та давлат бозори ва савдо мажмуаси инвесторларга таклиф этилмоқда. Пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов аҳолининг тирикчилик манбаи бўлган бу жойларнинг ўзгаришидан хавотирга тушиши табиий эканини, аммо уларнинг бирортаси ёпилмаслиги ва ўз асосий вазифасини йўқотмаслигини таъкидлади. Бозорлар ўз миллий муҳитини сақлаб қолган ҳолда, «Экобозор» ҳамда хорижий давлатлардаги илғор тажрибалар асосида замонавий талабларга мослаштирилади.

Лойиҳа доирасида инвесторларга учта асосий шарт қўйилмоқда: белгиланган ҳажмда замонавий савдо расталарини қуриб давлатга топшириш, у ерда фаолият юритаётган мавжуд тадбиркорларнинг иш ўринларини сақлаб қолиш ва етарли сиғимдаги автотураргоҳлар барпо этиш. Бунинг эвазига сармоядорлар бозорларнинг самарасиз фойдаланилаётган майдонларида савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектларини тиклаш ҳуқуқини қўлга киритади.

«Ўзбекфилм»нинг 22,9 млн евро кредит мажбурияти борлиги сабаб киностудиянинг мол-мулки ва ер майдонлари гаровга қўйилди

Маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедовнинг маълум қилишича, «Ўзбекфилм» киностудиясининг 22,9 миллион евро миқдоридаги кредит мажбурияти сабабли унинг мол-мулки ва ер майдонлари гаровга қўйилган. Шунингдек, киностудиянинг солиқлардан 1 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги туфайли балансидаги 12 та автомашина тез кунларда аукционга қўйилиш хавфи остида қолган ва ходимларнинг иш ҳақлари бўйича ҳам йирик қарздорликлар юзага келган.

Мулозимнинг таъкидлашича, киностудия ўзини сақлаб қолиш учун йилига камида 60 миллиард сўмлик буюртма бажариши керак ва умуман олганда, ташкилотни тубдан ислоҳ қилиб, бозор механизмига ўтказиш зарур. Мазкур ҳолат юзасидан «Ўзбекфилм» матбуот котиби ходимларга ойликлар кечиктириб берилаётганини тасдиқлаган бўлса-да, бошқа масалалар бўйича изоҳ бермаган ҳамда ташкилот раҳбарияти томонидан ҳам ҳозирча ҳеч қандай расмий жавоб қайтарилмаган.

Хитойлик хакерлар Ўзбекистоннинг ҳукумат серверларига ҳужум уюштиргани айтилмоқда

Руминиянинг «Bitdefender» киберхавфсизлик компанияси Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳукумат серверларига қаратилган «SilkParasite» номли янги кибержосуслик операциясини фош қилди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, асосан иқтисодий қарорлар қабул қилувчи давлат органларига йўналтирилган ушбу ҳужумлар ортида хитойлик хакерлар турибди. Жиноятчилар сунъий интеллект ёрдамида ёзилган модулли зарарли дастурлар ҳамда сохталаштирилган давлат ҳужжатлари орқали тизимларга бузиб киришга уринган.

Мазкур кампания давомида хакерлар Ўзбекистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлат идораларига тегишлидек кўринадиган сохта фишинг хатлари ва паролланган архивлардан фойдаланган. Бу ҳолат Хитойга алоқадор хакерлик воситалари ва гуруҳларининг (жумладан, «FamousSparrow») аввалги фаолиятига боғлиқ бўлиб, экспертларнинг фикрича, иқтисодий муносабатлар чуқурлашиб бораётган бир пайтда иқтисодий сиёсат билан шуғулланувчи давлат органлари хорижий разведка учун аниқ танланган мақсадли нишон ҳисобланади.

Газ йўқотишларини камайтиришга 10,6 млн доллар ажратилди

Ўзбекистонда 2026–2028 йилларга мўлжалланган, газ инфратузилмасидаги сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда метан чиқиндиларини қисқартиришга қаратилган лойиҳа амалга оширилади. Ҳукумат қарори билан мазкур мақсадлар учун жами 10,6 миллион доллар ажратилди. Маблағнинг 9,6 миллион доллари бевосита йўқотишларни камайтиришга сарфланса, қолган 1 миллион доллари мониторинг тизимини мустаҳкамлаш, хорижий экспертларни жалб қилиш ва лойиҳани бошқариш харажатларига йўналтирилади. Маълумот ўрнида, бунгача Жаҳон банки кўмагида ўтказилган тадқиқотларда «Ўзтрансгаз» объектларида умумий ҳажми 35 миллион куб метргача бўлган 1000 дан ортиқ сизиб чиқиш нуқтаси аниқланган эди.

Лойиҳа доирасида тежаб қолинган метан ҳажмлари мустақил текширувдан ўтказилади ва бунинг ҳисобига шаклланган маблағлар махсус эскроу ҳисобварағида жамланиб, газ тизимидаги кейинги тадбирларни молиялаштиришга сарфланади. Жараённи мувофиқлаштириб бориш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзтрансгаз» вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилади. Мазкур ташаббус нафақат йўқотишларни бартараф этишни, балки тежалган ресурслар орқали соҳани янада такомиллаштиришнинг узлуксиз молиявий механизмини яратишни ҳам кўзда тутади.

Teglar

Mavzuga oid

Мулки гаровда қолган «Ўзбекфилм», ҳукумат серверларига хитойлик хакерлар ҳужуми ва Тошкент бозорлари тақдири — 21 август дайжести | Vaqt.uz