Нефт, «Boeing» ва Ҳўрмуз бўғози: Трамп ва Си Хитойда нималарга келишди ва қайси масалалар очиқ қолди?

Bugun 19:453 daqiqa

Доналд Трампнинг Хитойга икки кунлик ташрифи икки давлат ўртасидаги қарама-қаршиликларни юмшатиши керак эди, аммо музокаралар чекланган натижалар билан якунланди.

Нефт, «Boeing» ва Ҳўрмуз бўғози: Трамп ва Си Хитойда нималарга келишди ва қайси масалалар очиқ қолди? © Foto: Xinhua/Yan Yan

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раиси Си Жинпинг билан музокараларни якунлаб, президент самолёти орқали Пекинни тарк этди. Музокаралар икки супердавлат муносабатларидаги реал ўзгаришлардан кўра кўпроқ баёнотлар билан чекланди.
Учрашувнинг расмий якунлари атайлаб ноаниқ шаклда тақдим этилди: АҚШ президенти аниқ тафсилотларни очиқламасдан «ажойиб савдо келишувлари» ҳақида гапирди, Хитой ҳукумати эса «янги ўзаро тушунишлар серияси» деган ифода билан чекланди, деб ёзади «The Wall Street Journal».
 
Нималар эълон қилинди?

Хитойнинг АҚШдан энергия ресурслари импорт қилиши ҳақида. Асосий иқтисодий натижа сифатида Доанлд Трамп Хитой Америка энергия ресурслари импортни қайта тиклашга тайёрлигини айтди.

«Улар рози бўлишди, улар Америка Қўшма Штатларидан нефт сотиб олишни хоҳлаяпти», – деди у «Fox News» телеканалига берган интервюсида.


АҚШ президенти буни дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиётнинг энергия ресурсларига бўлган «тўймас» эҳтиёжи билан изоҳлади. Шунингдек, у Хитой Америкадан суюлтирилган табиий газ ҳам харид қилишни бошлаши мумкинлигини истисно қилмади. Хитой томони эса ҳозирча бу маълумотларни тасдиқламаган.

1

«Boeing» самолётларини харид қилиш ҳақида. «Fox News» эфирида Доанлд Трамп саммитдаги иқтисодий келишувлар аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, аввалги учрашувдаги ўттизга яқин битим билан солиштирганда «бу сафар анча йирикроқ» натижалар бўлганини айтди.
Бироқ «The Wall Street Journal» қайд этишича, бу кутилмалар ҳозирча ўзини оқламаяпти: расман кутилаётган 500 та эмас, фақат 200 та «Boeing» самолёти харид қилиниши эълон қилинди.

Хитойнинг Америка қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиши мумкинлиги ҳақида. Доналд Трамп соя ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича янги баёнотлар бўлишини айтди.
АҚШнинг савдо вакили Жемисон Грир эса аграр секторда келишувлар тайёрланаётганини маълум қилди.

«Бу ташриф натижасида кейинги уч йил давомида ҳар йили ўнлаб миллиард долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш бўйича келишув имзоланишини кутяпмиз», – деди у «Bloomberg» агентлигига.


Агентлик маълумотига кўра, Хитой ўз навбатида юзлаб Америка гўштни қайта ишлаш корхоналари учун импорт лицензияларини узайтирган.
 
Тайван, Эрон ва Ҳўрмуз бўғози

Музокараларнинг биринчи босқичи асосий келишмовчиликлар ҳеч қаерга йўқолмаганини кўрсатди: Си Жинпинг Доналд Трампни Тайван атрофидаги хавфлар ҳақида очиқча огоҳлантирди.
Хитой раҳбарига кўра, Тайван масаласига нотўғри ёндашув «ўта хавфли вазият»га олиб келиши мумкин.
Эрон бўйича эса томонлар позицияси, баёнотларга қараганда, анча яқин. Доналд Трамп АҚШ ва Хитой урушни тугатиш ва Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш заруратига «жуда ўхшаш» қарайди, деди.
Музокараларнинг иккинчи куни олдидан Хитой ташқи ишлар вазири ҳам денгиз қатнови эркинлигини таъминлаш бўйича шунга ўхшаш чақириқ билан чиқди.
Бироқ томонлар ҳозирча можарони ҳал қилиш йўлида аниқ қадамлар ташламади. «Barron's» ёзишича, Доналд Трампнинг Хитойга ташрифи жиддий дипломатик ютуқларсиз якунланди: Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатнови ҳали ҳам тўлиқ тикланмаган.
Бозорлар эса Яқин Шарқ нефтининг асосий импортчиларидан бири бўлган Хитой бу масалани ҳал қилишда ёрдам бериши мумкинлигига умид қилган эди.
 
Нега бозорлар катта таъсирни сезмади?
Хитой акциялари ва юан саммитнинг сўнгги кунида пасайди, Доанлд Трамп ҳамда и Жинпинг учрашувидан кейин Хитой фонд бозори ва юан бир вақтнинг ўзида ўсиши ҳақидаги умидлар эса ўзини оқламади, деб хабар берди «Bloomberg».
«BNY Mellon»нинг катта стратеги Ви Кун Чонг буни саммитдан келган ижобий сигналларни АҚШдаги фоиз ставкалари бўйича кутилмалар босиб кетгани билан изоҳлади:

«Трамп ва Си ўртасидаги мулоқот ривожланаётгани – ижобий сигнал, аммо прогнозлардан яхшироқ чиққан макроиқтисодий статистика туфайли АҚШдаги фоиз ставкалари бўйича кутилмалар ўзгариши бу таъсирни йўққа чиқаряпти».

2


Асосий хулосани «American Enterprise Institute» эксперти Райан Федасюк айтди: Трамп келишиб олишни истаган кўплаб масалалар ҳали амалга оширишга тайёр эмас.

«Очиғини айтганда, кўп нарсалар ҳали пишиб етилиши керак», – деди эксперт CNBCга.

Teglar

Mavzuga oid